Суратларда акс этган ҳаёт (+видео)
Фотография – инсоният яратган буюк кашфиётлардан бири. Бир сониядан кейин юз берадиган ҳодисанинг олдини олиб бўлмайдиган кадрларни ҳамма ҳам олавермайди. Бунинг учун профессионал фотограф бўлиш шарт эмас, шунчаки, зарур дақиқаларни кадрларга муҳрлай олиш керак.
Фотографлар ҳаётнинг оддий бир лаҳзасини эмас, тарихга муҳрланадиган сонияларнинг акс этаётганини ҳис этиб, инсонни эмас унинг қалбини, табиатнинг гўзал манзарасини эмас, тирикликнинг бир бўлагини, жамиятнинг бир кунини эмас, унинг ютуқ ва муаммоларини кўрсатишга ҳаракат қилади. Оламни фақат фотокамера нигоҳи билан кўради.
Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, республика ва қатор хорижий кўргазмалар ғолиби, фотограф Ҳусниддин Ато ва унинг шогирдларининг "Бир мактаб – турфа нигоҳ" номли кўргазмаси очилди. Унда турли мавзулардаги фотосуратлар жой олди.
"Устоз-Шогирд" анъанасига асосланган ушбу кўргазмада эшитиш имконияти чекланган фотосуратчилар— Мурод Юсуф, Гулноза Адҳам ҳамда
Мария Малиновскаяларнинг ҳам турли йўналишдаги сара фото асарлари жой олган.
Фотосуратчи Муродбек Юсупов билан суҳбатлашарканмиз, унинг энг катта мақсади — National Geographic билан ҳамкорликда ишлаш ҳамда Ўзбекистон табиати, одамлари, турмуш тарзини фотосуратлар орқали дунёга кўрсатиш. Шу мақсади йўлида инглиз тилини ҳам пухта ўрганмоқчи. Унинг таъкидлашича, фотографияда эшитиш бўйича тўсиқлар йўқ; у эшита олмаслигидан фақат бир нарсада — бу нуқсони машҳур фотографлар билан оғзаки мулоқот қилишда халал бериши мумкинлигидан афсусланади, холос.
Кўргазмада тақдим этилган ҳар бир мавзуга хос суратларни кузатар экансиз, унда оддий одамларнинг орзу-умидлари, қувончу армонлари муҳрланиб, ҳаёт лавҳалари акс эттирилганига гувоҳи бўласиз. Фотосуратлардан ўзгача қувонч ва завқ олиб, барча муаллифларига янада ёрқин лаҳзаларни муҳрлашларида омад тиладик.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Fvy-AI29oCg?si=e27RV5Cpw2xUoGNv" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, У.Тўхтаев(видео), ЎзА