Бугун футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг бешинчи тур учрашувлари бошланади. 13 апрель кунига қадар давом этадиган мазкур турнинг илк кунида “Навбаҳор” – “Шўртан” ва “Машъал” – “Нефтчи” жамоалари баҳс олиб боради.
Таъкидлаш жоизки, ғузорликлар 7 йиллик танаффусдан сўнг яна Суперлигага қайтди. Мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионатларида шу кунгача ўзаро 24 марта рўбарў келган. Ўтказилган баҳсларнинг 12 тасида наманганликлар ютуққа эришган бўлса, 4 та учрашувда дуранг қайд этилган, 8 та ўйинда эса “Шўртан” зафар қучган. Тўплар нисбати – 38/34, “Навбаҳор” фойдасига.
Ушбу клублар ўртасидаги ўйинларда “Навбаҳор”нинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 4:0 бўлса, ғузорликлар ҳам ушбу ҳисоб билан рақиблар устидан зафар қучган. Жамоалар илк маротаба 2005 йилда рақобатлашган бўлса, сўнгги ўйин 2017 йилда ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Шўртан” баҳси бугун 11 апрель куни Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионида соат 20:15 да старт олади.
Дарвоқе, Суперлиганинг 5-тур беллашувларида қуйидаги баҳслар бўлиб ўтади:
12 апрель:
“Бунёдкор” – “Қизилқум”;
“Қўқон-1912” – “Бухоро”;
“Динамо” – “Сўғдиёна”;
13 апрель:
“Насаф” – “Сурхон”;
“Хоразм” – “ОКМК”;
“Пахтакор” – “Андижон”.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА