Суперлига: Пешқадамлар иштирокида муҳим учрашувлар ўтказилади
Бугун футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 12-турининг навбатдаги учрашувлари бўлиб ўтади. Тошкентда "Пахтакор" ва "Локомотив" ўзаро баҳс олиб борса, Наманганда "Навбаҳор" ОКМКни қабул қилади. Ғузорда эса "Машъал" ҳамда "Қўқон-1912" жамоалари муҳим очколар учун майдонга тушади. Тур доирасидаги мазкур баҳслар чемпионлик пойгаси ва турнир жадвалидаги ўринлар учун курашга сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Бир неча ойлик таннафусдан сўнг, футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси баҳсларига куни кеча старт берилди. 12-тур дастлабки учрашувларидан кейин турнир жадвалидаги рақобат янада кескинлашди.
Хусусан, "Сўғдиёна" ўз майдонида "Хоразм"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, "Насаф" меҳмонда "Бунёдкор"ни 3:1 ҳисобида таслим этди. "Нефтчи" эса "Бухоро" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, пешқадамлар қаторидаги ўрнини сақлаб қолди.
Бугун, 17 июль кунги баҳслар ҳам чемпионлик пойгаси ва турнир жадвалидаги ўринлар учун кураш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, Тошкент ва Наманганда бўлиб ўтадиган учрашувлар турнинг марказий беллашувлари сифатида эътироф этилмоқда.
Тошкент дербисида "Пахтакор" ўз майдонида "Локомотив"ни қабул қилади. Ўзаро учрашувлар тарихи "шерлар"нинг яққол устунлигини кўрсатади.
Чемпионатлар доирасидаги 40 та баҳснинг 25 тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган, 8 учрашув дуранг билан якунланган ва 7 марта "Локомотив" устун келган. Голлар нисбати ҳам "Пахтакор" фойдасига — 85:36. Айниқса, ўз майдонидаги статистика янада таъсирли: 20 ўйинда 14 ғалаба, 3 дуранг ва 3 мағлубият. Шу боис, майдон эгалари навбатдаги уч очко учун фаворит сифатида баҳоланмоқда. Бироқ, жорий мавсумда барқарор ўйин намойиш этаётган "Локомотив" осонликча таслим бўлмаслиги табиий.

Наманганда "Навбаҳор" ОКМК клубини қабул қилади. Сўнгги йилларда мамлакатнинг энг кучли клублари қаторига кирган икки жамоа ўртасидаги қарама-қаршилик доимо муросасиз руҳда кечади. Ҳар икки клуб юқори ўринлар учун курашаётгани инобатга олинса, мазкур баҳс нафақат турнинг, балки мавсумнинг муҳим учрашувларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Бу беллашувда қўлга киритиладиган уч очко чемпионлик пойгасига ҳам бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Ғузордаги "Машъал" – "Қўқон-1912" учрашуви эса турнир жадвалининг қуйи қисми учун муҳим аҳамиятга эга. Жамоалар чемпионат тарихида 19 марта тўқнаш келган. Уларда "Машъал" 9 марта ғалаба қозонган, "Қўқон-1912" ҳисобида 5 ғалаба мавжуд, яна 5 учрашув дуранг билан якунланган. Голлар нисбати ҳам ғузорликлар фойдасига — 31:20. Бу рақамлар майдон эгаларининг тарихий устунлигини кўрсатса-да, ҳозирги чемпионатда ҳар икки жамоа учун ҳар бир очко ғоятда муҳим ҳисобланади. Шу боис бугунги баҳсда эҳтиёткор ва тактик жиҳатдан пухта ўйин кутилмоқда.
Барча учрашувлар соат 20:00 да старт олади. Тур якунида чемпионлик учун кураш олиб бораётган жамоалар ўртасидаги масофа янада қисқариши ёки аксинча, пешқадамлар ўз устунлигини мустаҳкамлаши мумкин. Шу билан бирга, қуйи поғонадаги жамоалар учун ҳам ҳар бир очко мавсум тақдирини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА