Суперлига: Ҳозирча “Пахтакор” пешқадам
Хабарингиз бор март ойининг илк кунида футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси баҳсларига старт берилди.
Куни кеча, пойтахтимиздаги “Пахтакор” стадионида Суперлига баҳсларининг биринчи турида “Пахтакор” ва “Сурхон” клублари ўзаро рақобатлашди. Ўйинни тезкор ҳужум билан бошлаган мезбонлар 3-дақиқадаёқ ҳисобни очди.
Бу голга Драган Черан муаллифлик қилди. Иккинчи бўлимнинг 51-дақиқасида Достонбек Ҳамдамов орадаги фарқни иккитага ошириб қўйган бўлса, 70-дақиқада Драган ўз ҳисобига иккинчи голни ёзиб қўйди.


Шу тариқа йирик ҳисобда зафар қучган “Пахтакор” 3 очкони қўлга киритиб, голлар нисбатига кўра мусобақа пешқадамига айланди. Шунингдек, биринчи турдан сўнг уч очкони қўлга киритган “Қизилқум”, “Навбаҳор”, “Насаф” ва “Нефтчи” клублари жадвалнинг кейинги поғоналаридан жой олди. “Металлург”, “Локомотив”, “Андижон” ва “ОКМК” жамоалари ҳисобида бир очко мавжуд бўлса, “Сўғдиёна”, “Динамо”, “Бунёдкор” , “Олимпик” ва “Сурхон” даслабки турда мағлуб бўлган ҳолда қуйи ўринларда бормоқда.


Суперлиганинг 2-тур учрашувлари 8 март куни бошланади. Унда “Металлург” – “Сўғдиёна”, “Пахтакор” – “Насаф” ўртасидаги ўйин ўтказилади. 9 март куни эса “Навбаҳор” – “ОКМК”, “Олимпик” – “Локомотив” жамоалари ўзаро рақобатлашади. 10 март кунги учрашувларда “Андижон” – “Бунёдкор”, “Динамо” – “Нефтчи” тўқнаш келади. Иккинчи турнинг сўнгги баҳси 11 март куни “Қизилқум” ва “Сурхон” клублари ўртасида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА