Суннат тўйи “Уч авлод учрашуви”га уланди
Бухоро вилояти Когон туманидаги “Янги сарой” тантаналар саройида тумандаги 23 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 25 нафар эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатидаги оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ҳамда “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда тўй болаларнинг ота-оналари ва яқинлари қатнашди.

Дастлаб туман ҳокими Муҳиддин Эсанов барчани байрам билан қутлади. Юртимизда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий рўйхатдаги фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди. Шунингдек тўй болалар келажакда Ватанимиз ривожи учун хизмат қиладиган комил шахс бўлиб камол топишлари, Ватанига садоқатли, зиёли инсонлар бўлишига ишонч билдирди.

Сўнгра болажонларга сектор раҳбарлари, туман Халқ қабулхонаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан сарпо ва зар чопонлар кийдирилди. Велосипедлар совға қилинди. Шундан сўнг тадбирда ҳозир бўлган нуронийлар эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, Ватан ободлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб, дуога қўл очди.

Тадбир файзли ва тўкин дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида давом этди. Даврага миллий таом ош тортилди. Йиғилганлар ва болажонлар шарафига туман маданият бўлими бадиий ҳаваскорлик жамоаси ўз дастури ва саҳна кўринишлари, куй-қўшиқ ва рақсларини намойиш этди.
Зариф Комилов, ЎзА