Сунъий интеллект – замонавий таълим таянчи
Тошкент вилоятида хорижий тилларни ўқитиш сифатини янада ошириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда таълим жараёнига замонавий инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш мақсадида “Future of ELT Classrooms with Artificial Intelligence” мавзусида семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбирда инглиз тили фани ўқитувчилари иштирок этди. Таълим соҳасида халқаро тажрибага эга хорижлик мутахассис Геетҳика Гопинатҳ иштирок этиб, замонавий инглиз тили таълимида сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг ўрни ҳақида атрофлича маълумот берди.

Семинар давомида иштирокчилар амалий машғулотларга жалб қилиниб, жуфтлик ва жамоавий усулларда иш олиб борилди. Геетҳика Гопинатҳ ўқитувчиларга дарс жараёнларида сунъий интеллект технологиялари ва интерактив платформалардан самарали фойдаланиш усулларини амалий кўринишда намойиш қилди.
Айниқса, “Gamification with AI”, “Digital Storytelling”, “Quizlet” ҳамда “Task-Based Language Teaching (TBLT)” каби замонавий методлар асосида ташкил этилган машғулотлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу методлар орқали ўқувчиларнинг тил ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, дарс жараёнини интерактив ташкил этиш ва ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш бўйича муҳим тавсиялар берилди.

Шунингдек, семинарда дарс вақтидан унумли фойдаланиш, ўқувчилар диққатини жалб этиш, тана ҳаракатлари ва мимикалар орқали самарали мулоқот ўрнатиш каби педагогик маҳоратга оид жиҳатлар ҳам атрофлича ёритилди. Хорижлик мутахассис маҳаллий ўқитувчилар билан мулоқот қилишнинг замонавий усуллари, синфда ижобий муҳит яратиш ҳамда юқори синф ўқувчиларига гапириш кўникмаларини – суҳбат, диалог ва монологларни ўргатиш бўйича услубий тавсияларини берди.

Семинар иштирокчилари мазкур тадбир ўзлари учун катта тажриба мактаби бўлганини, айниқса, сунъий интеллект имкониятларидан таълим жараёнида самарали фойдаланиш бўйича янги билим ва кўникмаларга эга бўлганликларини таъкидлади. Бу каби халқаро тажриба алмашинувига қаратилган амалий семинарлар таълим тизимида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда ўқувчиларга сифатли таълим беришда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев, ЎзА