Сунъий интеллект, электр транспорти ва “яшил” энергетика
Хитойнинг Тачен шаҳрида қишлоқ ҳудудларида янги энергия транспорт воситаларини кенг жорий этиш дастурининг биринчи босқичи очилишига бағишланган тантанали маросим ва Тўлиқ электрлаштириш саноати экотизими бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирлар турли мамлакатлардан келган меҳмонлар ва соҳа мутахассисларини бир майдонга жамлади. Улар қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Делегация таркибидан “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси вакиллари ҳам ўрин олди.
Конференция доирасида сунъий интеллект технологияларини электр транспорт воситалари соҳасига татбиқ этиш, қишлоқ жойларда электромобиллар инфратузилмасини ривожлантириш, зарядлаш тармоқларини кенгайтириш ҳамда “яшил” энергетика асосида замонавий саноат экотизимларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари электр транспорт воситалари ишлаб чиқариши, энергия сақлаш тизимлари, интеллектуал бошқарув технологиялари ва рақамли ечимларни амалиётга жорий этиш бўйича илғор тажрибалар билан ўртоқлашди.

Уюшма ахборот хизмати раҳбари Намоз Толиповнинг таъкидлашича, бу каби халқаро майдонлар соҳадаги энг сўнгги технологиялар ва инновацион ечимлар билан яқиндан танишиш, тажриба алмашиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим аҳамият касб этади.
– Бугун дунёда электр транспорти ва “яшил” энергетика соҳасида жадал ўзгаришлар кузатилмоқда. Мазкур тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий саноатга татбиқ этиш мамлакатимизда электротехника ҳамда электр транспорти соҳаларининг рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади, – дея таъкидлади тадбир иштирокчиси сифатида Намоз Толипов.

Мулоқотларда билдирилган фикрлар ва тақдим этилган тажрибалар барқарор тараққиётни таъминлаш, экологик тоза транспорт тизимларини кенгайтириш ҳамда келажак саноати учун инновацион ёндашувларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА