
Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори Сунь Чжуанчжи «Марказий Осиё — Хитой» саммитининг аҳамияти ҳамда Хитой ва минтақамиз ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари хусусида ўз фикрларини билдирди.
— Минтақавий ҳамкорлик ривожи нуқтаи назаридан саммит якунларини қандай баҳолайсиз?
— Саммит ўтказилган кун, яъни 17 июнь Хитойнинг Марказий Осиёдаги яқин ва ишончли шериклари билан ҳамкорлигида янги саҳифа очган сана сифатида тарихга киради, деб ўйлайман, — дейди Сунь Чжуанчжи. — Бундай форматдаги илк учрашув бор йўғи икки олдин ўтказилганига қарамасдан, ўтган қисқа вақт ичида вазирликлар ва экспертлар даражасида улкан ишлар амалга оширилди. Бу томонлар барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигидан далолатдир.
— Мазкур жараёнларда Ўзбекистоннинг ўрни қандай?
— Президент Шавкат Мирзиёев минтақавий мулоқотни чуқурлаштиришнинг энг фаол тарафдорларидан биридир. Ўзбекистон етакчиси юксак халқаро минбарлардан туриб Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликка кучли туртки берадиган долзарб масалаларни илгари суради. Мамлакатингиз Президентининг ташаббуслари амалий ва стратегик аҳамиятга эга бўлиб, Пекин томонидан юксак эътироф этилади.
— Саммит доирасида Хитой ва Ўзбекистон етакчилари ўртасида бўлиб ўтган икки томонлама учрашув нечоғлик аҳамиятли бўлди?
— ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган учрашув алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, бу шунчаки дипломатик жараён эмас, балки бир-бирини чуқур ҳурмат қиладиган қадрдон дўстлар ўртасидаги мулоқотдир. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўз ривожининг чўққисига чиққан ва янги мазмун билан бойиб бормоқда. 2 июнь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи ҳудудлараро форумда Хитой Халқ Сиёсий маслаҳат Кенгашининг раиси ўринбосари Шэнь Юэюэ бошчилигидаги делегация иштирокида олиб борилган самарали музокаралар натижасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Президент Шавкат Мирзиёев хитойлик ишбилармон доира вакиллари билан иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди. Бу ўзаро муносабатлар аниқ инвестиция лойиҳалари даражасига кўтарилаётганидан далолат беради.
— Саммит якунида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисида баённома имзоланди. Сизнингча, бу воқелик қандай аҳамиятга эга?
— Ҳеч шубҳасиз, бу муҳим воқеа бўлди. Икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланиши йўлида муҳим қадам ташланди. Хитой ушбу ташкилотнинг асосий иштирокчиларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини юксак баҳолайди ва бу борада ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр.
— Тяньцзинда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Ўзбекистон Президентининг иштирокидан нималар кутилаяпти?
— Ўзбекистон етакчиси ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг таклифини қабул қилганидан миннатдормиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитидаги иштироки мазкур йирик минтақавий тузилма доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга янги туртки беради. Ишончимиз комил, Ўзбекистон томони доимгидек тинчлик, барқарорлик ва умумий фаровонликка хизмат қиладиган аниқ ташаббусларни илгари суради.
Азиза Алимова суҳбатлашди, ЎзА.