Султон Иброҳим – Малайзиянинг янги олий монархи
Малайзиянинг олий монархи этиб сайланган Султон Иброҳим 2024 йил 31 январда вазифасини бажаришга киришади, деб хабар тарқатди “Бернама” агентлиги.
Янги давлат раҳбарини сайлаш жараёни мамлакат пойтахти Куала-Лумпурдаги монарх қароргоҳи “Истана Негара” саройида бўлиб ўтди. Аввалроқ “New Straits Times” газетаси амалдаги олий раҳбар Абдулла Риоятуддин Ал-Мустафо Биллоҳнинг ваколати 2024 йил январь ойи охиригача тугаши ҳақида ёзган эди. Биллоҳ 2019 йил 31 январдан бери ҳокимият тепасида.
Малайзияда малакат олий монархи, асосан, вакиллик функциясини бажаради. Конституцияга кўра, ҳукуматнинг ҳар қандай қарори унинг номидан ва розилиги билан қабул қилиниши керак. Амалда монарх қарорни ҳукумат ёки парламент тавсияси асосида қабул қилади. Сўнгги йиллардаги сиёсий беқарорлик монархияни таъсирчан институтга айлантирди. 2020-2022 йилларда қирол уч марта ҳукумат бошлиғини тайинлади.
Ушбу давлатда меросхўр султонларни олий раҳбар лавозимига алмаштиришнинг ноёб тизими мавжуд. Монарх ўз ўринбосари (вице-қирол) билан бирга тўққиз штат меросхўр ҳукмдорлари орасидан беш йил муддатга (кетма-кет иккинчи бор сайланиш ҳуқуқисиз) сайланади. Номзод қироллик лавозими яратилган 1957 йилда тузилган рўйхат бўйича аниқланади.