Сулҳ узайтирилди, лекин хавф сақланмоқда
Исроил ва Ливан ўртасида давом этаётган Ҳизбуллоҳ билан боғлиқ тўқнашувни тўхтатиш бўйича келишув яна уч ҳафтага узайтирилди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп маълум қилди. Дастлабки 10 кунлик сулҳ муддати тугаши арафасида қабул қилинган бу қарор музокара давом этаётган бир пайтда эълон қилинди.
Вашингтонда ўтган учрашувда Исроил ва Ливан вакиллари иштирок этди ва томонлар мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Барибир, Ливан ҳудудида фаолият юритаётган Ҳизбуллоҳ гуруҳи масаласи музокаранинг энг мураккаб нуқтаси бўлиб қолмоқда. АҚШ Ливанга хавфсизликни мустаҳкамлашда ёрдам беришини ҳам билдирган.
Минтақадаги умумий вазият ҳамон беқарор. Эрон ва АҚШ қарама-қаршилиги, айниқса, Ҳурмуз бўғози атрофида кескин тус олган. Томонлар бир-бирини келишувни бузишда айблаб, сулҳ келажагига оид саволларни кўпайтиряпти.
Шу орада можаро оддий аҳоли ҳаётига ҳам таъсир қилмоқда. Масалан, Ливанда бир журналист ҳалок бўлиши кенг муҳокамага сабаб бўлди. Расмийлар ҳодисани текшириш талабини қўйган. Демак, вазият нафақат сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан ҳам жиддий.
Мусулмон Зиё, ЎзА