Суғурта рекламасига оид қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди
Қуйи палата мажлисида суғурта хизматларига оид рекламаларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда сўнгги йилларда молиявий хизматлар бозорини, жумладан, суғурта соҳасини жадал ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, аҳоли ва тадбиркорларнинг ушбу хизматларга бўлган ишончини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Ж.Абдуллаев. — Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси билан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборотни ижтимоий ахборот этиб белгилаш ҳамда ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари сифатида соҳалардаги ваколатли давлат органларини ҳам киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси суғурта бозори профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида истеъмолчиларни кенг қамровли ва ишончли ахборот билан таъминлаш орқали уларнинг бу хизматлардан фойдаланишида қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолида эса суғурта хизматларига бўлган ишончни оширишни назарда тутади.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, бугунги кунда суғурта бозори ривожланиб бормоқда. Лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар аҳоли ва тадбиркорларнинг суғурта фаолиятига оид саводхонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Яъни, суғурта хизматларига оид рекламалар ижтимоий реклама сифатида кенг тарғиб этилиши суғурта фаолияти, имкониятлари ҳақида аҳолининг хабардорлигини янада оширади.
Муҳокамаларда айрим саволлар ўртага ташланиб, мунозараларга сабаб бўлди. Депутатлар овози билан қонун лойиҳаси уни янада такомиллаштириш учун масъул қўмитага қайтарилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА