Суғурта бозорида самарали назорат ўрнатилди, эндиликда инсофсиз суғурта агентлари реестри юритилади
2026 йил 23 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Қонун қабул қилинишига нима сабаб бўлди? Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев шу ҳақда гапириб берди:
– Мамлакатимизда суғурта хизматлари бозори ривожланиб, рақамли хизматларда тўловларни амалга ошириш ва тўлов ҳужжатларига сифатли ҳамда хавфсиз ишлов бериш билан боғлиқ молиявий технологиялар жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, суғурталовчи ва суғурта брокерлари фаолиятидаги назоратнинг тўлиқ амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслиги кўплаб суғурта хизматлари истеъмолчиларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Шу боис, фуқаролар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат томонидан бу соҳада самарали назоратни таъминлаш зарурияти ортиб бормоқда.
Юқоридаги ҳолатлар “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун қоидалари бир хил қўлланилиши учун амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини унга мувофиқлаштириш заруриятини келтириб чиқарди.
Кучга кирган янги қонуннинг асосий мақсади – суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахс, суғурта хизматларининг истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун ваколатли давлат органининг назорат вазифаларини кенгайтириш, суғурта ва банк сирига оид маълумотлардан фойдаланишини таъминлаш, суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солиш, суғурталовчи фойдасининг чекланиши мумкин бўлган ҳолатларни қонунчиликка киритишдан иборат.
Қонун билан “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, мажбурий суғурта объекти бир вақтнинг ўзида бир хил турдаги бир нечта мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталаниши мумкин эмас. Ваколатли давлат органи томонидан инсофсиз суғурта агентларининг реестри юритилади.
Қайта суғурта брокерлари, сюрвейерлар, ажастерлар, ассистанслар ва актуар ташкилотлар фаолиятининг бошланиши ёки тугатилиши тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш тартиби белгиланди.
Киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлардан келиб чиқиб, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ҳам ушбу норма билан тўлдирилди.
Қонун “Суғурта полиси” тушунчасини белгиловчи алоҳида модда билан тўлдирилди. Суғурта шартномаси ёки суғурта қоидаларига асосан белгиланган суғурта мукофотининг тўланганлигини ва суғурталовчининг суғуртага оид мажбуриятлари кучга кирганини тасдиқловчи ҳужжат суғурта полиси ҳисобланади.
Суғурталовчининг, суғурта брокерининг раҳбарлари ва бош бухгалтерларига соҳа бўйича қонунчилик ҳужжатларини билиш бўйича малака талаби белгилаш бўйича ўзгартириш киритилди.
Ваколатли давлат органига суғурта ва банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳуқуқини бериш бўйича ўзгартириш киритилди.
“Давлат солиқ хизмати тўғрисида” қонунга киритилган қўшимчага кўра, давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларидан ташқари уларнинг ходимлари ҳам қонунда белгиланган тартибда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурталаниши лозимлиги белгиланди.
“Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида” қонунга киритилган ўзгартириш билан қонунчиликда ҳаёти ва соғлиғи давлат томонидан мажбурий суғурта қилиниши белгиланган шахсларнинг бир вақтнинг ўзида бюджет маблағлари ҳисобидан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталаниши тақиқланди.
Ҳаво ва Фуқаролик кодексларига ҳамда “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида” ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларидаги тушунчалар “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунда белгиланган асосий тушунчалар (суғурта суммаси, суғурта мукофоти, суғурта товони)га мувофиқлаштирилди.
Қонун суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш орқали суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ва истеъмолчилар учун қулай шарт-шароитлар яратади. Электрон тижорат соҳаси такомиллаштирилиб, электрон тижорат операторлари фаолияти устидан самарали назорат йўлга қўйилади. Бу фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА