Судьялик учун ёш цензи 35 ёшдан 30 ёшга туширилмоқда
Парламент қуйи палатаси мажлисида Олий суд томонидан ишлаб чиқилган “Судьяларнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур масала бўйича Олий суд раиси ўринбосари Ш.Полвонов батафсил маъруза қилди.
Қайд этилганидек, 7 боб, 47 та моддадан иборат ушбу ҳужжат судьяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Лойиҳа билан судьялик лавозимига номзодлар учун айрим талаблар қайта кўриб чиқилмоқда. Хусусан, судья ва халқ маслаҳатчилари учун ёш цензи пасайтирилиб, 35 ёшдан 30 ёшга тушириш кўзда тутилган.
Судьяни лавозимга тайинлашда амалдаги тартиб — дастлаб 5 йилга, кейин 10 йилга, ундан кейин муддатсиз даврга тайинлаш бекор қилиниб, дастлаб 5 йилга, кейин эса муддатсиз даврга тайинлаш тартиби жорий этилмоқда. Судья, суд раиси ва раис ўринбосари лавозимларига қўйиладиган талаблар кучайтирилмоқда. Шунингдек, лойиҳада судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари билан боғлиқ нормалар акс эттирилмоқда.
Шунингдек, халқаро тажрибада мавжуд бўлган “истеъфодаги судья” институти миллий қонунчиликка татбиқ этилмоқда. Истеъфодаги судьяга бошқа ҳуқуқлар қаторида профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда. Судьяларни давлат томонидан ҳимоя қилишнинг 6 турдаги хавфсизлик чоралари жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, 21 февраль — Суд органлари ходимлари куни этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар судьянинг ёш цензи нега 35 ёшдан 30 ёшга туширилаётгани билан қизиқди. Бунга жавобан халқаро тажрибада 25 ёшдан бошлангани, биргина Мексикада 35 ёш этиб белгилангани, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда 30 ёш этиб белгилангани айтиб ўтилди. Қолаверса, судга ишга келган кадр 35 ёшгача суд котиби вазифасида ишлаб юриши, айрим кадрлар эса бошқа йўналишларга кетиб қолиб, 35 ёшга етганида судьяликка қайтариб олиб келиш қийин бўлаётгани айтиб ўтилди.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, судьяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА