Судьяларнинг интеллектуал мулкка оид билими оширилди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) билан ҳамкорликда “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимояси” мавзуида судьялар учун икки кунлик онлайн субрегионал коллоквиум ўтказилди.
Интеллектуал мулк соҳасида юзага келадиган ҳуқуқбузарликларга доир суд ишларини холис ва адолатли кўриб чиқиш бўйича хориж ҳамда минтақадаги давлатларнинг амалиётини ўрганиш мақсадида ташкил этилган мулоқотда Латвия, Англия ва Уэлс Бирлашган қироллиги Олий суди судъялари, Германиянинг Гумбольд университети адвокати, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон Олий суди судьялари ва Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари қатнашди.
Тадбирда хорижнинг малакали судъялари ҳамда мутахассислари интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликни тўғри баҳолаш, адолатли қарор қабул қилиш, интеллектуал мулк соҳасидаги миллий ва халқаро амалиёт билан яқиндан танишиш, интеллектуал мулк субъектлари ҳуқуқларини қонуний таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар учун таъсир чораларини қўллаш, баҳсли жараёнларда холис ва адолатли қарор қабул қилиш юзасидан фикр алмашишди.

– Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлаш долзарб ҳисобланади, –деди Интеллектуал мулк агентлиги ахборот хизмати раҳбари Феруз Жўраев.– Сабаби, бозор иқтисодиёти шароитида талаб ва таклифнинг ошиши ноҳалол рақобатни келтириб чиқаради. Бу ҳолатда ҳуқуқбузарнинг бозорда ўз ўрнига эга тадбиркор товар белгисидан ноқонуний фойдаланиб, контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариши истеъмолчиларни чалғитишга сабаб бўлади. Албатта, интеллект мулк объектлари ҳуқуқий муҳофазасини, асл тадбиркор манфаатларини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларни чалғитувчи, ноҳалол рақобатни келтириб чиқарувчи ҳуқуқбузарларга қонуний чора кўриш муҳим ҳисобланади. Шунга кўра, мазкур онлайн тадбирдан юртимиздаги судьяларнинг интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни кўриб чиқиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсад қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА