Судьяларни қандай муаммолар ўйлантирмоқда?
Хонадонга келин тушар экан, унга энг яхши нарсалар туҳфа этилади, энг чиройли хоналар ажратилади.
Айниқса, келин тараф уйни безатиши керак бўлса, хоналарнинг энг каттаси, ҳатто умумий фойдаланиладиган жойлар ҳам “келинники”га айланади.
Агар келин бирор сабаб бўлиб ажрашса-ю, болалари билан уни суд орқали “уйга киритиш” масаласи кўриб чиқилсачи?
Бундай вазиятда эса уйдаги яшаш учун энг ноқулай, айниқса, ҳовлиларда эса энг чеккадаги хона кўрсатилади. Келиннинг орқасида шу хонадоннинг эртаси, авлод давомчиси бўлган фарзандлари бўлса ҳам.
Инсоф деган юксак тушунча, азалий қадрият унутилиб бораётгани оқибати бу!
Фуқаролик ишлари бўйича судларда учраётган бу ҳолат судьяларни ҳам ўйга толдирмоқда. Чунки ажрашган аёлни уйга киритиш масаласи кўрилар экан, қонунчиликда уни уйнинг қандай хонасига киритиш ёки ўзи келин бўлиб тушганда берилган хоналарини ажратиб бериш бўйича меъёр йўқ. Фақат аёл аввал яшаган, фарзандлар кўрган хонадонга киритилишига ҳуқуқи борлиги мавжуд, холос.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов айнан шу муаммо ҳақида сўз юритар экан, бу аёллар, айниқса, болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ экани, уларнинг яшаш шароити муҳим масала эканига эътибор қаратди. Шу боис бу борада қонунчиликдаги бўшлиқни тўлдириш зарурлигини таъкидлади.
Бу фикрлар Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган Судьялар клуби онлайн-форумида муҳокама этилди.
Мажлисда Судьялар кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров, Олий суд раисининг ўринбосари Халилулло Тўрахўжаев, судьялар бевосита, ҳудудлардаги судьялар эса онлайн иштирок этди.
Ўзаро очиқ мулоқот асносида фуқаролик ишларини судларда кўриш жараёнида учраётган муаммолар ўртага ташланди. Уларнинг ечимлари ҳақида фикрлашилди.
Айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган Судьялар клуби жамоатчилик асосида фаолият юритмоқда.
Тузилма моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериб келмоқда.
Судьялар клубининг асосий ишлаш платформаси унинг онлайн форуми бўлиб, бу республикамиздаги барча судьяларга ўзаро мулоқот қилиш имконини беради.
Тадбирда айтилдики, ўтган вақт давомида онлайн форумда фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, казуслар ва тушунтиришлар бўйича 253 мавзу муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда асосан меҳнат, мулк ва уй-жой, шунингдек, алимент, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришга оид низоларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари, бу борада Олий суд пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар ўртага ташланмоқда.
Олий суд раисининг ўринбосари Х.Тўрахўжаев муаммоли масалаллар юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича иш олиб борилишини қайд этди. Лекин судьялар ўз устида ишлаб, қонунчиликдан чуқур хабардор бўлиш, ҳамкасблари билан фикр алмашиб, тўғри қарор қабул қилишга интилиши зарур. Шу мақсадда “Судьялар форуми”га ҳар бир судья кириб, тажриба алмашса, яхши билмаган масалаларини ўртага ташласа, унинг ечимини тезроқ топади.
Амалиётда эса айрим судьялар бирор масаланинг тўғри ечимини топа олмаса, шундай йўл тутиш ўрнига ишни пайсалга солиб юриши учраб туради. Бу эса судга иши тушган кишиларни куттириб, вақтини ўғирлаш, уларни қийин аҳволга тушириш, демакдир.
Бундай ҳолларга йўл қўймаслик учун “Судьялар рейтинги” шакллантирилади. Бу рейтингда қайси судья қандай ишлаётгани ойнадек кўриниб туради.
Судьялар Олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров “Судьялар рейтинги”ни тузиш долзарб масала эканинига эътибор қаратиб, самарали ишлаётган, чиқараётган қарорлари бекор бўлмаётган фидоий судьяларни рағбатлантиришда бу муҳим ўрин тутишини қайд этди. Бу жараёнда судьяларнинг фақат кўраётган ишлари эмас, балки фаоллиги, судьялар форумида тажрибалари билан ўртоқлашиб, бошқаларга ҳам ёрдам бера олиши, жамиятда тутган ўрни ва обрўси ҳам эътиборга олинади. Ҳар томонлама ибратли судьяларга “Ибратли судья” каби мақомлар берилади. Судьяларни тақдирлаш, давлат мукофотига тавсия қилишда ҳам бу рейтинг муҳим роль ўйнайди. Ҳозирги кунда судьяларнинг мана шундай фаол ишлаши учун барча шароит яратилган. Шундай бир пайтда хатоларга йўл қўйиш, айниқса, ҳалолликдан чекиниш кечирилмайдиган ҳолдир. Сир эмас, судлардан норози одамлар учраб турибди. Бунга судьяларнинг чиқарган қарори тўлақонли асослантириб берилмаётгани ёки ўша қарор томонларга етарлича тушунтириб берилмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Шу каби камчиликларни баратараф этиш, суднинг нуфузини туширадиган ишларга барҳам бериш зарур.
Тадбирда судьялар дахлсизлиги таъминланишининг самарали механизмлари, Одоб-ахлок кодексига қўшимча ва тушунтиришлар бериш зарурияти юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА