Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Дастлаб депутатлар “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқди.
Депутат Д.Арипов қайд этганидек, судьялар ҳамжамияти органлари суд мустақиллигини кафолатлаш, судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда судьяликка номзодларни танлашда муҳим ўрин эгалламоқда. Мазкур қонун лойиҳаси билан судьялар ҳамжамияти органларининг турлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Судьялар ҳамжамияти органларини ташкил этиш принциплари белгиланмоқда.

Судьялар ҳамжамияти органлари нима учун керак, унинг вазифаси нималардан иборат? Жамият ва фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини ошириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, суд тизимини ва суд ишини юритишни такомиллаштиришга кўмаклашиш, судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда судьяларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Судьялар ҳамжамияти органларининг асосий вазифалари сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, судьяларнинг малака даражаларини бериш, интизомий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ваколатларни тўхтатиш ва тугатиш тартиблари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Таъкидланганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида бир қатор тўлдиришлар ва ўзгартиришлар киритилиб, айрим нормалар чиқариб ташланди. Депутатлар ва соҳа мутахассисларининг таклифлари асосида ҳужжат янада такомиллаштирилди.
Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари белгиланиши билан суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилиши таъминланади. Шунингдек, суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судьяларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга эришилади. Бу эса, ўз навбатида, шахснинг одил судловга бўлган ҳуқуқлари янада мустаҳкамланиши ҳамда одил судлов сифати ва самарадорлиги ошишига хизмат қилади.
Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА