Судьялар футбол майдонида беллашди
Нукусда футбол бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси кубоги учун мусобақа бўлиб ўтди.
Унда Оролбўйидаги барча судларнинг судьялари ҳамда суд ходимлари фаол иштирок этиб, ўзларининг жисмоний тайёргарлиги ва имкониятларини намойиш этди.

Икки кун давом этган мусобақада ғолиблар аниқланди. Финалда Қорақалпоғистон Республикаси суди иқтисодий судлов ҳайъати ҳамда фуқаролик судлов ҳайъати жамоалари ўзаро беллашди. Қизиқарли ўтган мусобақа якунида иқтисодий судлов ҳайъати жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси кубоги ғолиби бўлди. Шунингдек, “Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши дарвозабон”, “Тўпурар ўйинчи” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Мусобақа ҳамда номинация ғолиблари Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси кубоги, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА