Судья жабрланувчининг хонадонига борди
Ушбу бошланган йилда судлар олдида ўта муҳим вазифа – халқимизнинг судларга бўлган ишончини янада ошириш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш.
Ҳаммамизга маълумки, жиноят қонунчилигимизда инсонпарварлик принципига тўла мос келадиган яраштирув институти мавжуд.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида шахсга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказилган ҳолатларда бу тоифадаги жиноят ишлари бўйича тарафларни яраштириш жабрланувчининг бузилган ҳуқуқларини тиклашда ва иш бўйича айбланувчиларни жиноий жавобгарликка тортмасдан туриб, уларни ахлоқан тузатишда жуда ҳам самарали ҳисобланади.
Бунинг учун оғир ёки ўртача оғир шикастланган жабрланувчини судга чақиртириш уларни сарсон бўлишларига, яраштирув жараёнига нисбатан уларда турли эътирозлар келиб чиқишига олиб келиши мумкин.

Шунинг учун жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди бу тоифадаги ишларни кўришда жабрланувчиларнинг соғлиғини инобатга олиб, бевосита сайёр суд мажлисларини жабрланувчиларнинг хонадонига бориб ўтказишга, уларнинг ҳолидан хабар олиб, самимий суҳбатлашиб, тегишли қарорлар қабул қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жумладан, яқинда кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди иш юритувидаги И.Лухмоновга нисбатан йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ жиноят иши жабрланувчи соғлиғи сабаб судга кела олмаслиги боис унинг хонадонида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Натижада, жабрланувчи ва айбланувчи ўз ихтиёрлари билан ярашиб олишди. Суд томонидан И.Лухмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66-1-моддасига асосан жиноий жавобгарликдан озод қилиниб, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПК 84-моддасининг 4-қисмига асосан унинг айблилик масаласи ҳал қилинмасдан ҳаракатдан тугатилди.
А.Акрамов,
Жиноят ишлари бўйича
Тошлоқ туман суди раиси