Судья одил бўлса, адолат албатта, қарор топади
Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида барча соҳаларда ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилиб, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қадр-қимматини ҳурмат қилиш борасида қувонарли ютуқларга эришилмоқда.
Айни жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, хусусан, суд тизими идоралари фаолиятини жаҳон андозалари даражасида ислоҳ этишга жиддий эътибор қаратиляпти. Бунинг самараси сифатида суд тизими нафақат моддий-техник жиҳатдан янгиланди, балки одил судловни амалга ошириш, адолат ва холислик, шаффофликни таъминлаш соҳасида замонавий мезонлар бўйича такомиллашиб боряпти.
Тизимда фаолият юритаётганларнинг барчаси халқимиз азал-азалдан талпиниб, ҳамиша ардоқлаб келадиган адолатни рўёбга чиқаришни мақсад қилган фидойи ва пок ниятли инсонлар бўлиши керак. Энг асосийси – судьяларнинг қабул қилган ҳар бир қарори қонуний, асосли, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган бўлиши лозим.
Марғилон шаҳар Жиноят ишлари бўйича судининг раиси лавозимида самарали фаолият олиб борган Мансур Ибрагимов ҳалол ва пок ишлаб, эл орасида ҳурмат-эътибор қозонди. У 2008-2011 йилларда Наманган шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг судьяси, 2011-2015 йилларда Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича судининг судьяси лавозимида ишлаб катта ҳаётий тажрибага эга бўлди.
2015 йилда Марғилон шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг раиси лавозимига тайинланиб, шаҳарда қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган фаолиятини бенуқсон амалга оширди. Ўтган давр мобайнида унинг раислигида 639 та жиноят иши бўйича 964 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилди. 48 нафар шахсга тергов органлари томонидан эълон қилинган айбловларнинг айрим қисмлари судда ўз исботини топмагани сабабли улар қисман оқланган бўлса, 2 нафар шахс тўлиқ оқланиб реаблитация қилинди. 177 та жиноят иши бўйича 197 нафар шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг турли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари тугатилди. Ўз навбатида 148 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш, 3 нафар шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, 18 нафар шахсни почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, 247 нафар шахсга нисбатан амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, 282 нафар маҳкумга нисбатан жарима жазосини, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклашни жазонинг бошқа тури билан алмаштириш, 148 нафар алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган шахсларга нисбатан мажбурий даволаш чораларини қўллаш, 49 та суд ҳукмининг фуқаровий даъво ҳамда бошқа мулкий ундирувларга оид қисми бўйича масалалар кўриб чиқилди ҳамда қонуний ҳал қилинди.
Қонунлар билан бевосита жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари ваколатига берилган бошқа тоифадаги ишлар, хусусан, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг 14 нафар вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалари кўриб чиқилди. Жисмоний ва юридик шахслардан судга бўлган барча мурожаатлар қонунда белгиланган муддатда қонуний ҳал қилинди. Натижада ҳал қилинган масалалар бўйича такрорий мурожаатлар бўлмади.
2017 йилда 1369 та маъмурий ҳамда жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилиб, бу судда кўрилган барча ишларнинг 89 фозини ташкил этган бўлса, 2018 йилда судда кўрилган ишларнинг 82 фоизи, 2019 йилда 78 фоизи ҳамда 2020 йил июнь ойига қадар кўрилган ишларнинг 86 фоизи сайёр суд мажлислари орқали муҳокама қилинди.
Тажрибали ҳуқуқшунос сифатида у маҳалла ва жамоат ташкилотлари, прокуратура, адлия, ички ишлар, ёшлар иттифоқи ва бошқа мутасадди идоралар билан доимо ҳамкорликда иш олиб борди. Ҳаётий билим ва амалий тажрибаси юксак ҳуқуқшунос сифатида у Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш, ўз навбатида янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан доимий равишда Судьялар олий кенгаши ҳамда Олий судга таклифлар бериб келган.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясинининг олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетида мустақил тадқиқотчи сифатида юридик фанларнинг “12.00.09 – жиноят процесси, криминалистика ва тезкор қидирув ҳуқуқи; суд экспертизаси” ихтисослиги бўйича “Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ контрабанда жиноятини тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида юридик фанлар бўйича фалсафа докторлиги диссертацияси устида тадқиқот олиб бормоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида эса – поклик” устувор бўлган шахс юрт равнақи йўлида фидоийлик билан меҳнат қилади. Ўз касбига садоқатли бўлган инсонлар эса доимо эзгу ишлардан чарчамайди, балки улардан куч-қувват олади.
Зоҳиджон Ҳомидов,
Марғилон шаҳар Халқ қабулхонаси мудири.