Судларнинг 9 ойдаги ишлари сарҳисоб қилинди
Жиззах вилоятида судларнинг 9 ойдаги ишлари тўғрисида матбуот анжумани ташкил этилди.
Йиғилганларга Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров суд тизимидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда вилоят судларининг тузилиши ва фаолияти ҳақида маълумот берди.
Жиззах вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Раҳмоновнинг жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида маъмурий судлар томонидан кўрилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг 185 таси ер билан боғлиқ бўлиб, уларнинг 95 таси қаноатлантирилган, 73 таси рад этилган, 3 та иш юритишдан тугатилиб, 14 таси кўрмасдан қолдирилган ва ана шу ишлар бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларига нисбатан 95 та хусусий ажрим чиқарилиб, муҳокама қилиш ҳамда тегишли чоралар белгилаш учун юборилган.
Иштирокчилар вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Раҳматилла Орзиқуловнинг ахборотини тинглашди.
– Жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари томонидан ўтган 9 ой давомида 3 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлиб, 19 нафар шахс шартли равишда ҳукм қилинган,– деди Раҳматилла Орзиқулов ўз ҳисоботида. – 28 нафар шахсга эса жазо тайинланмасдан ҳукм чиқарилган. Шунингдек, 151 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган ҳамда 1175 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Шунингдек, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Нодиржон Расулов ҳамда вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Жамол Қаххоровлар ҳам ўзлари раҳбарлик қилаётган тегишли судлар томонидан 2024 йилнинг ўтган 9 ойи давомида кўрилган ишлар бўйича ҳисобот берди.
Анжуман сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари