Суданда уруш пул топиш тизимига айланди(ми)?
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси (OHCHR) Судандаги қуролли тўқнашувлар энди оддий ҳарбий можаро эмас, балки катта даромад келтирадиган тизимга айланганини маълум қилди. Ташкилот хулосасига кўра, мамлакатнинг табиий бойликлари ва савдо йўллари низони тўхтатиш ўрнига, уни янада узайтирмоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, Судан Қуролли кучлари ҳамда Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари ҳарбий ҳаракатларни молиялаштириш учун ҳудудлар, товар айирбошлаш йўллари ва қимматбаҳо ресурслар устидан назоратни кучайтирган. Натижада можаро ташқи ёрдамсиз ҳам ўзини таъминлайдиган механизмга айланиб бормоқда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Суданнинг улкан табиий бойликлари халқ фаровонлигига эмас, аксинча, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва қирғинларнинг давом этишига хизмат қилаётганини таъкидлади. У халқаро ҳамжамиятни зиддиятни молиялаштираётган савдо занжирлари ва таъминот йўллари устидан назоратни кучайтиришга чақирди.
Ҳисоботнинг алоҳида қисми Суданнинг энг муҳим экспорт маҳсулотларидан бири — араб елими савдосига бағишланган. Газли ичимликлар, косметика ва фармацевтика саноатида кенг қўлланиладиган ушбу маҳсулотнинг жаҳон бозоридаги хомашёсининг 70-80 фоизи урушга қадар айнан Судан ҳиссасига тўғри келган. Миллионлаб аҳоли учун даромад манбаи бўлган мазкур тармоқда эса талончилик, товламачилик, ноқонуний ҳибс ва таҳдидлар кескин кучайган.
БМТ халқаро компанияларни ҳам масъулиятли бўлишга чақирди. Ташкилот фикрича, можаро ҳудудларидан хомашё сотиб олар экан, бизнес ва инвесторлар инсон ҳуқуқлари ҳамда халқаро ҳуқуқ талабларига қатъий риоя қилиши лозим. Акс ҳолда, қонуний савдо урушни молиялаштирувчи воситага айланиб қолиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА