Судан армияси ҳарбий базани назоратга олди
“Al Arabiya” телеканали маълум қилишича, Судан ҳарбийлари аввалроқ армияга қарши турган махсус топшириқларни бажарувчи Тезкор ҳаракат кучлари томонидан эгаллаб олинган “Мерове” ҳарбий базани қайтариб олган. Шунга қарамай, қуролли можаро давом этаётгани айтилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош котиби Тедрос Адханом Гебрейесус қуролли тўқнашув бошлангандан буён мамлакатда 300 киши ҳалок бўлгани, 2 минг 600 дан зиёд киши жароҳат олганини маълум қилди.
Ушбу мамлакат касаба уюшмаси ва шифокорлар қўмитаси тарқатган хабарга кўра, жанг бошлангандан буён мамлакат пойтахти ва штатларидаги мавжуд 59 йирик касалхонанинг 39 таси ишламаяпти.
Қайд этилишича, 9 та шифохона ўққа тутилган, 16 тиббий муассаса бошқа жойга кўчирилган. Фаолиятини тўхтатган 20 касалхонанинг айримлари фақат бирламчи тиббий ёрдам кўрсатмоқда.