“Суд журналистикаси”да талабалар соҳани ёритишнинг этик ва ҳуқуқий меъёрларини ўрганди
Одил судлов академияси ва Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида бўлажак журналистларда суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини чуқур англаш, суд жараёнларини холис ва профессионал ёритиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Суд журналистикаси” ўқув курси ташкил этилди.
Тадбирда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқотни кучайтиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс экани таъкидланди.
Суд жараёнларини холис ва профессионал ёритиш, журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда соҳага ихтисослашган кадрларни тайёрлашнинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-28594]
Мазкур ўқув курсида жами 42 нафар талаба суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини чуқур ўрганиш билан бирга, суд жараёнларини профессионал даражада ёритиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди.
Иштирокчиларга суд тизимининг ҳуқуқий асослари, суд жараёнларини ёритишнинг этик ва ҳуқуқий меъёрлари, шунингдек ахборотни аниқ ва масъулият билан етказиш бўйича амалий кўникмалар берилди.
Ушбу лойиҳа нафақат таълимий ташаббус, балки суд тизими ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Зеро, адолатли ва очиқ суд тизими ҳамда масъулиятли журналистика уйғунлиги фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири.
Тингловчилар назарий билимлар билан бир қаторда амалий машғулотларда ҳам қатнашиб, соҳа мутахассисларидан бевосита сабоқ олиш имконига эга бўлади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА