Суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилди
2026 йил 12 сентябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Мазкур қонунда назарда тутилган меъёрлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Зумрад Бекатова билан суҳбатлашдик.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамиятимизнинг барча қатламлари ва аҳолининг турли тоифаларини қамраб олмоқда. Айниқса, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон қадри, инсонпарварлик ва адолат тамойилларини қарор топтириш ислоҳотларнинг устувор йўналишларига айланган.
Шу нуқтаи назардан, суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, фуқароларнинг адолатли судга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Конституциявий ислоҳотлар эса суд-ҳуқуқ тизимини янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги таъминланган одил судлов асосларини янада мустаҳкамламоқда.
Хусусан, Конституциямизнинг 136-моддасида «Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади», деган қатъий норма мустаҳкамлаб қўйилган.
«Судлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, унда судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари белгилаб берилган.
Шунга қарамай, судлар фаолиятига аралашиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Бу борадаги мавжуд вазиятни қандай баҳолайсиз?
– Дарҳақиқат, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, суд-тергов фаолиятига бевосита алоқаси бўлмаган шахслар томонидан суд ишларига аралашиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилда судларга турли кўринишда босим ўтказиш билан боғлиқ 80 дан ортиқ ҳолат қайд этилган, 460 ҳолатда эса судлар фаолияти обрўсизлантирилган.
2025 йилда эса 90 дан ортиқ ҳолатда судларга босим ўтказилган, 314 ҳолатда судлар фаолияти обрўсизлантирилган.
Албатта, бу кичик рақамлар эмас. Мазкур ҳолатлар судларга ҳурматсизлик қилганлик, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаш, шунингдек, одил судловни амалга ошириш борасидаги суд фаолиятига аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини назарда тутувчи конституциявий нормани амалиётга тўлиқ жорий этиш заруратини кўрсатди.
Бу ҳолатларга «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун чек қўядими, шундайми?
– Мазкур қонун айнан суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш борасидаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган.
Асосий мақсади – суд ишларини ҳал этишга ноқонуний аралашишнинг олдини олиш, судга нисбатан ҳурматни мустаҳкамлаш ҳамда одил судловни амалга ошириш жараёнининг мустақиллигини таъминлашдан иборат.
Қонун орқали суд фаолиятига аралашганлик ва судга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик чоралари аниқ белгиланди.
Маълумки, ушбу қонун аввал Сенат томонидан қайта кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига қайтарилган эди. Бунга қандай омиллар сабаб бўлган?
– Ҳақиқатан ҳам, мазкур қонун Сенатнинг 13-ялпи мажлисида қўмитамиз томонидан кўриб чиқиш учун киритилган ва айрим масалаларни қайта кўриб чиқиш зарурати туфайли Қонунчилик палатасига қайтарилган эди.
Гап шундаки, қонуннинг аввалги таҳририда Иқтисодий процессуал ҳамда Солиқ кодексларига солиқ органи иштирокидаги солиққа оид низоларни маъмурий судлар томонидан кўриб чиқишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланган эди.
Яъни солиқ органлари иштирокидаги солиқ ва йиғимларга оид низоларни иқтисодий судлар ҳал этадиган низолар доирасидан чиқариб, маъмурий судлар ваколатига ўтказиш кўзланган.
Бироқ, бу борада Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи эътибордан четда қолган.
Бундан ташқари, қонунни ишлаб чиқиш жараёнида «пакет принципи»га риоя қилинмаган эди. Шу сабабли, Сенат томонидан билдирилган эътирозлар асосида қонунни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган.
Қонун қайта кўриб чиқилгандан сўнг унга қандай ўзгартиришлар киритилди?
– Сенат томонидан билдирилган барча эътирозлар келишув комиссияси томонидан тўлиқ қайта кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
Натижада қонунда энг долзарб масала – суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган иккита муҳим модда қолдирилди. Хусусан, мазкур қонун билан Жиноят кодексига суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга суд биносида тартибни бузиш тарзида судга ҳурматсизлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бу суд мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонунни ишлаб чиқишда хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилдими?
– Албатта. Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Беларусь ва бошқа қатор давлатларнинг жиноят ва маъмурий жавобгарликка оид қонунчилиги ўрганиб чиқилди.
Хорижий тажриба таҳлили шуни кўрсатдики, мазкур давлатлар қонунчилигида судга ҳурматсизлик қилиш ва одил судловни амалга оширишга аралашиш учун жазо чоралари қатъий белгиланган.
Ушбу тажриба миллий қонунчиликни такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Қонун суд-ҳуқуқ тизимида қандай натижаларга хизмат қилади?
– Энг аввало, мазкур қонуннинг қабул қилиниши суд мустақиллигининг асосий кафолатларини янада кучайтирди. Шунингдек, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва одил судлов сифатини ошириш учун қўшимча ҳуқуқий асос яратади.
Зеро, суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлиги қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан биридир.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.