Суд кадрларининг профессионализми, ҳалоллиги ва замонавий компетенциялари мунтазам ривожлантирилади
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 14 августдаги «Одил судлов – 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида»ги фармонида Одил судлов академияси зиммасига суд кадрларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим вазифалар юклатилди.
Одил судлов академияси проректори Дилшод Арипов шу ҳақда сўзлаб берди:
– Фармонда белгиланган вазифалар мазмунини англаш учун Академиянинг кейинги даврдаги фаолияти ва эришилган натижаларини таҳлил қилиш муҳим. Судьяликка номзодларни қайта тайёрлаш, судьялар ва суд ходимларининг малакасини оширишда анъанавий маъруза шаклларидан босқичма-босқич воз кечилиб, амалиётга йўналтирилган замонавий таълим усуллари жорий қилинди. Инновацион ёндашувлар ва илғор методологиялар кенг қўлланилмоқда.
Амалиёт таҳлили кадрлар тайёрлаш тизимини институционал даражада янада мустаҳкамлаш заруратини кўрсатди. Шу сабабли, фармонда қатор стратегик вазифалар белгиланди.
Биринчидан, одил судлов тизими учун узлуксиз кадрлар тайёрлаш занжири — Pipeline model жорий этилади. У магистратура, қайта тайёрлаш, амалий стажировка, баҳолаш, судьяликка тавсия этиш, доимий малака ошириш ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларини қамраб олади.
Модел номзод Академияга қабул қилинганидан бошлаб, унинг бутун касбий фаолияти давомида билим ва амалий кўникмаларини мониторинг қилиш ҳамда касбий талабларга мос келмайдиган шахсларни холис саралаб олиш имконини беради.
Иккинчидан, судьяликка номзодлар, судьялар ва суд аппарати ходимларининг касбий компетенциялар профили шакллантирилади.
Унда интеллектуал салоҳият ва танқидий фикрлаш, эмоционал интеллект, мулоқот маданияти, стрессга чидамлилик, ҳалоллик ва коррупцияга муросасизлик каби муҳим мезонлар инобатга олинади. Академия томонидан ишлаб чиқилаётган «Суд муҳокамаси симуляцияси» ва судьяликка номзодларнинг психологик портретини шакллантирувчи электрон дастур мазкур йўналишнинг амалий пойдевори бўлади.
Учинчидан, Одил судлов академияси халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида трансформация қилинади.
2030 йилга қадар Академияни дунёнинг камида иккита халқаро рейтингида ТОП-1000 таълим муассасалари қаторига киритиш, йиллик таълим олувчилар контингентини 500 нафарга етказиш, судьялар ва суд аппарати ходимларини 100 фоиз касбий компетенциялар профили билан қамраб олиш белгиланган. Ходимларнинг камида 10 фоизи «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан ҳамкорликда хорижда стажировка ўтайди.
Трансформация доирасида дастлабки тайёргарлик ва узлуксиз малака оширишни бирлаштирувчи синергик уйғунлик модели, суд низоларининг ривожланиш тенденцияларини олдиндан прогноз қилишга хизмат қилувчи Форсайт маркази, шунингдек, Академиянинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган Эндаумент фондини ташкил этиш режалаштирилган.
Эндаумент фонди орқали илмий тадқиқотлар, рақамлаштириш, сунъий интеллект, иқтидорли тингловчиларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий инфратузилмани ривожлантиришни молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилади.
Alumni Association (Битирувчилар уюшмаси) орқали битирувчиларнинг касбий ўсиши мониторинг қилинади, тажрибали судьялар тингловчиларга ментор сифатида бириктирилади ва суд амалиётидаги янги муаммолар ҳақида Академияга тезкор қайта алоқа йўлга қўйилади.
Тўртинчидан, замонавий шароитларда долзарб масалалар бўйича билим ва кўникмаларни тезкор ошириш тизими такомиллаштирилади.
Бунинг учун Micro-learning усули, жумладан, «Judge-edu» тelegram-боти орқали онлайн машғулотлар қамровини кенгайтириш, шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва бошқаришга қаратилган электрон ахборот тизимини жорий этиш назарда тутилган. Сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган назорат механизмлари ҳам ривожлантирилади.
Илмий салоҳиятни кучайтириш мақсадида 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб PhD ёки DSc даражасига эга ходимларни моддий рағбатлантириш механизми жорий этилади.
Бешинчидан, судьялар ва суд аппарати ходимларининг хорижда стажировка ўташини тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Айниқса, қуйи судларда фаолият юритаётган судьялар ва суд аппарати ходимларини хорижий давлатларнинг суд кадрларини тайёрловчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва судьялар ҳамжамияти органларида стажировкадан ўтказиш устувор вазифа сифатида белгиланди. 2030 йилга қадар номзодлар, судьялар ва суд аппарати ходимларининг камида 10 фоизини хорижий малака ошириш ва стажировка дастурлари билан қамраб олиш мақсад қилинган.
Олтинчидан, БМТ резолюцияси асосида судьялар ва суд ходимларининг фаровонлиги ҳамда соғлиғини муҳофаза қилиш тизими такомиллаштирилади.
Бунда судьялар ва суд аппарати ходимларининг жисмоний ва руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини мунтазам ташкил этиш, юқори иш юкламаси шароитида психологик реабилитация ва фаровонликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.
Умуман олганда, мазкур фармон суд кадрларини тайёрлаш соҳасида тўпланган амалий ва методологик тажрибани янги институционал босқичга олиб чиқмоқда. Энг муҳими, кадрлар тайёрлаш энди муайян лавозимга номзодни ўқитиш билан чекланмай, унинг бутун касбий фаолиятини қамраб оладиган узлуксиз тизимга айланмоқда.
Бу эса судья ва суд аппарати ходимларининг профессионализми, мустақиллиги, ҳалоллиги ва замонавий компетенцияларини мунтазам ривожлантириш, пировардида эса одил судлов сифатини ошириш ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА