Суд ишларида сифат ва самарадорлик муҳим
Самарқанд вилоят судида Олий суд раисининг ўринбосари Ш.Полванов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят судлари раҳбарияти, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Адвокатлар палатаси вилоят бўлими вакиллари иштирок этган йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 18 апрелдаги фармойишига мувофиқ, Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси этиб тайинланган Ж.Арсланов таништирилди.

Олий суд раиси ўринбосари янги тайинланган раҳбарнинг касбий салоҳияти, кўп йиллик тажрибаси ва соҳадаги муносиб меҳнат фаолиятини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, адолат тамойилларини қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш йўлида фидокорона хизмат қилиш муҳим вазифа эканини таъкидлади.

Йиғилишда тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича қатъий назорат механизмларини кучайтириш, хизмат интизоми ва масъулиятни янада ошириш зарурлиги қайд этилди. Бу борада суд аппарати ходимлари ўртасида мунтазам профилактик тушунтириш ишларини олиб бориш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш, суд ишларини кўриб чиқишда сифат ва самарадорликни янада ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА