Сўнгги йилларда барча соҳалар қатори суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сабаби, суд экспертизаларининг самарадорлигини ошириш, соҳани замонавий, юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозлаш орқали, одил судловни таъминлашга эришилмоқда. Бу борада Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази самарали хизмат кўрсатмоқда.
Бугунги кунда марказда 11 та суд экспертиза тадқиқотларини амалга оширишга ихтисослашган бўлим ва лабораториялар ҳамда вилоятларда 12 та ҳудудий бўлим, Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолият олиб бормоқда.
2019 йилда марказ барча қулайликларга эга бўлган замонавий бинога жойлаштирилди. Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, ҳозирда 4 та нодавлат суд экспертиза ташкилотида 25 нафардан ортиқ нодавлат суд экспертлари фаолият олиб бормоқда.
Марказда суд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимларини замон талаблари даражасида ошириш мақсадида ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган. Ўқув марказида барча давлат суд экспертиза муассасалари экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда янги ташкил этилаётган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳам қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур соҳани янада ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 июль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси ва уни ижросини таъминлаш мақсадида 2021 – 2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Бунда соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳамкорликда ишлаб чиқилиб, тегишли равишда Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Шунингдек, юқоридаги фармон асосида республикамиз тарихида илк маротаба Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолияти ташкил этилди.
Институт ташкил этилиши билан марказ ҳузурида юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори илмий даражаларини берувчи Илмий кенгаш тузилди. Ушбу Илмий кенгашда “Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси” ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказишга рухсат берилди.
Шу билан бирга, фармон ижроси юзасидан қабул қилинган Ҳукумат қарори билан давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган 51 турдаги суд экспертизаси тадқиқотлари рўйхати тасдиқланди.
Шунингдек, суд-экспертиза соҳасида дуал таълим принципи бўйича суд эксперт кадрларни қайта тайёрлаш тартиби белгиланди.
Фармон ижроси юзасидан 2022 йилнинг 3 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан мамлакатимизда илк бор иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга судга қадар тайёргарлик ва суд жараёнида эксперт хулосасини суд муҳокамасида тақдим этиш учун давлат ва нодавлат суд-экспертиза муассасаларида шартнома асосида адвокат сўрови билан экспертиза ўтказиш ташаббуси ҳуқуқи берилди. Бу ўз навбатида судда тортишув институти тўлақонли таъминланишига асос бўлиб хизмат қилади.
Фуқароларимиз ҳамда суд-тергов органларининг суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида олиб борилган илмий изланишлар натижасида кейинги 3 йилда 10 та янги экспертиза турлари жорий қилиниб, марказда амалга ошириладиган экспертиза турлари 44 тадан 54 тага, мутахассислик йўналишлари эса 73 тага етказилди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва суд экспертиза муассасаларининг ўзаро ҳужжат айланишида ва унинг хавфсизлигини таъминлашда ижобий самара беради.
Марказ лабораторияларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида лабораториялар ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитация қилиниб, мувофиқлик сертификатига эга бўлди. Ҳозирда янги ташкил этилган “Суд-компьютер техникавий экспертизаси бўлими”ни ҳам ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитациядан ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур аккредитация марказга тадқиқотларни халқаро стандартлар даражасида бажариш имконини беради ҳамда мазкур лабораториялар томонидан берилган хулосаларнинг халқаро миқёсда шубҳасиз тан олиниши, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини нафақат мамлакатимиз ҳудудида, балки халқаро судларда ҳам ишончли ҳимоя қилинишига ҳамда одил судлов таъминланишига хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА