Суд болаларни онасига қайтарди
Барчамизга маълумки, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади.
Барчамизга маълумки, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оилада тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар тотувлиги бўлса, жамият ҳам ўз-ўзидан фаровон бўлади.
Лекин афсуски, сўнги вақтларда бўлаётган оилавий ажралишлар фарзандлар тақдири ҳамда уларнинг келгусида ота ёки она билан қолишлари, таъминоти каби оғриқли саволларни кун тартибига чиқариб қўяётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Нуроталик Раззоқовлар оиласи ҳам ўн бир йил муқаддам яхши орзу-умидлар билан оила қуришган. Ўтган вақт оралиғида оилада 3 нафар фарзанд дунёга келган.
Шундай улуғ неъматга шукрона келтириш, фарзандларини ҳар жиҳатдан комил инсонлар этиб тарбиялаш ота-онанинг асосий бурчи эди. Бироқ, эр-хотиннинг келишмовчиликлари сабаб оила пароканда бўлди. Фарзандлар эса сарсон-саргардон, аро йўлда қолди. Уларнинг тарбияси, саломатлигига қайғурадиган кимса қолмади.
Шундай вазиятда она судга мурожаат қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди вояга етмаган фарзандлар: 2010 йилда туғилган З.Раззоқова, 2013 йилда туғилган Г.Раззоқова ҳамда 2015 йилда туғилган О.Раззоқовларни онанинг тарбиясига олиб бериш ҳақида қарор қабул қилди.
Ниҳоят 3 нафар вояга етмаган бола З.Розиқова тарбиясига олиб берилди.
Бироқ энди оилада, айниқса, фарзанд тарбиясида отанинг ўрнини ким босади?! Минг афсуски, уч фарзанд дунёга келгунча бир-бирини тушуна олмай, оилага кўника олмаётган бу каби оилалар ҳаётда учраётгани ачинарлидир. Надоматли жиҳати шундаки, ўртада бегуноҳ фарзандлар сарсон.
Мажбурий ижро бюросининг
Нурота тумани бўлими