Ҳар бир инсон учун уй-жой Ватан ичра кичик ватандир. Зеро, уйи борнинг ташвиши йўқ, унинг бошпанаси бор. Уй-жойли бўлиш, хонадон сотиб олиш, инсон ҳаётидаги энг муҳим жараён. Ҳар бир оиланинг энг катта мақсадларидан бири. Юртдошларимизнинг шу мақсадига эришиши учун давлат томонидан эътибор кўрсатилаётгани, унга имконият ва имтиёзлар берилаётгани, халқ манфаатларини ўйлаб қилинган ислоҳотлардан бири.
Бу масалага давлатимиз раҳбари шахсан эътибор қаратаётгани, соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётгани бежиз эмас. Уй-жой олишда давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёзлардан бири ипотека кредити асосида берилаётган субсидиядир.
Аҳолига берилаётган субсидия йилдан-йилга такомиллаштирилмоқда. Бу йўналишда жорий этилаётган янгиликлар ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Муҳаммад Бобур Тоҳиров билан суҳбатлашдик.
–Уй-жойга талаб кескин ошаётган бир пайтда нега субсидия маблағлари тўлиқ ўзлаштирилмаяпти?
– Ўтган йилда жами 300 мингга яқин фуқаро субсидия олиш учун ариза топширган. Содда қилиб айтганда, 2023 йил давомида фуқароларга жами 1,6 триллион сўм субсидия ажратилган бўлса, улардан 30 мингтасига субсидия хабарномалари берилган. 17,5 мингдан ортиқ фуқаро бу имтиёздан фойдалана олди.
2024 йилда аҳолининг тўлов қобилиятидан келиб чиқиб суммалар ўзгарди. Уй-жойларни топиш имкониятлари кенгайди. Ўтган йилда 80 мингта уй-жой белгиланган бўлса, жорий йилда 100 мингга яқин уй-жойлар қурилиши белгиланган. Жорий йилда 25 мингга яқин хонадон ўз эгаларига топширилди.
Саволингизга келадиган бўлсак, баъзи фуқаролар бу имтиёздан фойдалангиси келмагандир, қайси биригадир уй-жойнинг қиймати тўғри келмаган ҳолат бўлади. Баъзи фуқаролар субсидия хабарномасини олганидан кейин иш жойи ўзгариб қолиб, банкка бориб олиш салоҳияти тушиб кетган бўлиши мумкин. Бунинг бир неча омиллари бор. Субсидия маблағларини ўзлаштиришда ҳар ҳафталик, ҳар ойлик ишчи гуруҳ тузилган. Маҳаллама-маҳалла жойларга чиқиб гаплашишган. Ўтган йили ўз вақтида субсидия хабарномасидан фойдаланолмагани сабабли 10 мингга яқин фуқаро жорий йилга ўтиб кетди. Ўтган йили Ўзбекистонда 84 мингдан ортиқ хонадон фойдаланишга топширилди. Ушбу хонадонлардан 18 мингга яқини субсидия хабарномасини олган фуқароларга сотилди.
– Биламизки, субсидиянинг амал қилиш муддати бор. 2024 йилда масъул ижрочилар айби билан имтиёздан фойдалана олмаган мижозлар субсидиясининг амал қилиш муддати чўзиб берилганми?
– Ўтган йилда субсидия хабарномасини олган фуқаролар қурилиш ташкилотлари билан шартнома қилган, аммо белгиланган вақтда уйлар фойдаланишга топширилмагани сабабли шартнома бекор бўлган. Бу бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги билан улушдошлик тўғрисидаги шартномани кўриб чиқяпмиз. Йил якунига қадар шунга оид норматив ҳужжат ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳужжатга асосан, фуқаро қурувчи билан шартнома тузганидан кейин қурувчи ўша муддатда уй-жойни битириб бериш учун кафиллик ҳужжатларини расмийлаштиради.
Эндиликда қурувчи ўз вақтида уй-жойларни фойдаланишга топшириш учун унга кафил ташкилотлар йўналтирилади.
– Субсидияга фоизлар белгиланганда фуқароларнинг тўлов қобилияти нега ҳисобга олинмаган?
– Тошкент шаҳрида 1 квадрат метри 15-20 миллион сўмлик квартиралар ҳам бор. Фуқаронинг шароитидан келиб чиқиб квартира танланади. Ҳозир Тошкент шаҳрида 420 миллион сўм ипотека кредити ажратилади. Қўшимча яна 30 миллион сўм давлат бошланғич бадал тўлаб беради. Бундан ташқари квартиранинг қиймати билан ипотека кредити орасида маблағ етмай қолса, ушбу ҳолатлар учун гибрид шаклидаги ипотека ажратилади. Яъни, етмаётган пулни тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан гибрид ипотека шаклида бериши мумкин.
–Нима учун қурувчи ташкилотлар субсидияга уй сотишдан қочади? Бу қадар ишончсизлик сабаби нимада?
– Қураётган уй-жойи белгиланган муддатда топширилишига кўзи етмаган қурилиш пудратигина субсидияга уй-жой сотишдан бош тортади. Чунки, муаммоли вазият. Субсидия хабарномасининг муддати бор. Шу сабабли ўзига ишонмаган, салоҳиятсиз қурувчилар субсидияга уй сотмайди. Бундан ташқари солиқлардан қочади. Субсидияда ҳаммаси шаффоф. Уйнинг нархини арзон ёки қиммат қилиб кўрсата олмайди. Шаффоф ишлайдиган қурувчига бунинг фарқи йўқ.
– 1 хонали уй оласизми ёки 4-5 хоналими фарқи йуқ. Яъни, 30 миллион сўм тўлаб берилади, холос. Яна максимал 420 миллион сўм ажратилади. Бу маблағга уй-жой топиш мушкул. Субсидияга ажратилган маблағ миқдорини ҳозирги янги қурилган уйлар нархидан келиб чиққан ҳолда оширишнинг имкони борми?
– Субсидияга ажратилаётган маблағ миқдори оширилса, уйларнинг нархи ошиб кетади. Экспертлар шунақа фикрда. Балансни ушлаб туриш учун бу маблағларни ошириб бўлмайди.
Суҳбатнинг тўлиқ вариантини мазкур ҳавола орқали кўришингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/dLYXGgDcI4w?si=bfTPdn2nxUeuFgYA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА