Стратегик шериклик: Минскга ташриф бир кунлик сиёсий воқеа эмас, узоқ муддатли тараққиёт механизмини ишга туширувчи қадам
Муносабат

– Беларусь ва Ўзбекистон муносабатларининг келажаги қўшма лойиҳалар ва стратегик шериклик билан боғлиқ, – дея фикр билдирди Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 8-9 июль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Ушбу ташриф аллақачон тарихий воқеа сифатида баҳоланмоқда. Ташриф доирасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди, 2030 йилгача бўлган ҳамкорликнинг “йўл харитаси” тасдиқланди, III Ҳудудлар форуми доирасида эса икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўнлаб келишувларга эришилди.
ЎзА мазкур тарихий ташриф, унда имзоланган ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенг очиб бериш ва илгари сурилган таклиф, ташаббусларни атрофлича шарҳлаш мақсадида Тошкент давлат Шарқшунослик университетининг “Иқтисодиёт ва менежмент” кафедраси катта ўқитувчиси Алина Салихова фикри билан қизиқди.
Эксперт энг аввало икки томонлама эришилган ҳужжатларга тўхталар экан, бу нафақат дипломатик муваффақият, балки ўзаро ҳамкорликнинг янги моделига ўтишни англатишини таъкидлади.
– Мазкур жараён Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига бевосита таъсир кўрсатиб, янги иш ўринлари яратиш, замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади, – деди у.

2017 йилдан буён давлат раҳбарлари ўртасида олиб борилаётган фаол мулоқотнинг мантиқий давоми бўлган мазкур ташриф икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников таъкидлаганидек, “Беларусь ва Ўзбекистон муносабатларининг келажаги қўшма лойиҳалар ва стратегик шериклик билан боғлиқ”. Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирига рақобатчи эмас, аксинча ўзаро тўлдирувчи хусусиятга эга бўлиб, бу салоҳият бугун аниқ ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳаларида ўз ифодасини топмоқда.
Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал суръатларда ўсмоқда. 2025 йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етди ва 2017 йилга нисбатан 5,3 баробарга ошди. Беларусь Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко III Ҳудудлар форумида таъкидлаганидек, жорий йилнинг дастлабки беш ойида ўсиш суръати яна 40 фоизни ташкил этди ва йил якунига қадар 1 миллиард долларлик марра ишончли тарзда ортда қолдирилиши кутилмоқда.
Эътиборлиси, янги қабул қилинган 2026-2030 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”нинг асосий мақсади товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга қадар 2 миллиард долларга етказишдан иборат. Томонлар нафақат савдо ҳажмини ошириш, балки юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳиссасини кўпайтириш орқали ташқи савдо таркибини диверсификация қилишни ҳам кўзламоқда.
Президент ташрифининг энг муҳим натижаларидан бири оддий савдо муносабатларидан чуқур саноат кооперациясига ўтиш бўлди. Бу Ўзбекистон учун тайёр маҳсулотлар импорт қилиш эмас, балки мамлакат ичида қоладиган технологиялар ва ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштириш имконини англатади.
Беларусь раҳбарияти томонидан технологик суверенитетни мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган бўлиб, бу борада икки мамлакат ўртасида кўплаб ҳамкорлик нуқталари аниқланган. Хусусан, Тошкент вилоятида “Беларусь-50” тракторларининг биринчи партияси йиғилди ва 2026 йилдан бошлаб уларни маҳаллийлаштириш ишлари йўлга қўйилади. Шунингдек, тиркамалар, карьер техникаси жиҳозлари, кабель маҳсулотлари ҳамда паррандачилик учун ускуналар ишлаб чиқариш соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда.
Томонлар ёғочни қайта ишлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишувларга эришди. Бу йўналиш Ўзбекистонда жадал ривожланаётган қурилиш бозори учун алоҳида аҳамият касб этади. Энергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Атом электр станцияларини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича тажрибага эга Беларусь ўз билим ва компетенцияларини ўртоқлашишга тайёрлигини билдирган.
Рақамлаштириш ва ахборот технологиялари соҳаси ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу соҳадаги ҳамкорлик икки мамлакат бизнеси учун янги имконият ва синергетик самараларни таъминлаши мумкин.
Ўзбекистон пахтаси ва Беларусь зиғирининг бирлашуви юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Бугунги кунда Беларуснинг қатор кийим-кечак ва пойабзал брендлари Ўзбекистон бозорида муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Қайд этиш керакки, инвестициявий ҳамкорлик ҳам мутлақо янги босқичга чиқди. 2025 йил давомида Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга ошиб, 116 тадан 242 тага етди. Бу бизнеснинг ўзаро ишончи мустаҳкамланаётгани ва ҳамкорликнинг узоқ муддатли характерга эга эканидан далолат беради. Энг муҳими, ҳар бир янги корхона нафақат инвестиция оқимини, балки замонавий технологиялар трансфери ва янги иш ўринларини ҳам англатади.
III Ҳудудлар форумининг муҳим натижаларидан яна бири икки мамлакат вилоятлари ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик ҳужжатларининг имзоланиши бўлди.
“БЕЛТА” ахборот агентлиги маълумотига кўра, Гомель, Гродно, Могилёв, Брест, Витебск ва Минск вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ўртасида 2026-2029 йилларга мўлжалланган “йўл хариталари” қабул қилинди.
Бу ҳамкорликни фақат пойтахтлар даражасида эмас, балки аниқ корхоналар ва маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳам ривожлантириш имконини беради. Чунки айнан ҳудудлардаги бизнес субъектлари савдо-иқтисодий муносабатларнинг янги ҳаракатлантирувчи кучига айланиши мумкин.
Стратегик шерикликнинг муҳим таркибий қисми гуманитар алоқани ривожлантиришдир. Айниқса, туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Беларусь Бош вазири Александр Турчин Тошкентда бўлиб ўтган V Халқаро инвестиция форумида 2026 йил ноябрь ойида пойтахтда Беларусь-Ўзбекистон туризм форуми ўтказилишини маълум қилди.
Ушбу форум ўзбекистонликларни Беларуснинг туризм салоҳияти билан таништириш, беларуслик туроператорларга эса Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган туристик бозори имкониятларини намойиш этишга хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш, таълим, спорт ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Тиббий форумлар ўтказиш, қўшма операциялар ташкил этиш, талабалар ва мутахассислар алмашинувини кенгайтириш, маданият кунлари ва кинофестиваллар ўтказиш режалаштирилган. Бундай ташаббуслар халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва яқинликни янада мустаҳкамлайди.
Жорий йил Хива шаҳрида тўртинчи Беларусь – Ўзбекистон аёллар бизнес-форуми ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Ушбу анжуман икки мамлакат тадбиркор аёллари учун янги қўшма лойиҳалар ва ҳамкорлик имкониятларини яратади.
Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Минск шаҳрига ташрифи бир кунлик сиёсий воқеа эмас, балки узоқ муддатли тараққиёт механизмини ишга туширувчи муҳим қадам бўлди. Беларусь технологияларини жалб қилиш, қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ҳудудлараро кооперацияни кенгайтириш орқали Ўзбекистон саноатлашув жараёнларини жадаллаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш имкониятига эга бўлади.
Шу маънода, Беларусь билан стратегик шериклик Ўзбекистоннинг замонавий, юқори технологияли ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришга қаратилган янги иқтисодий сиёсатининг муҳим устунларидан бирига айланмоқда.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.