Стол тенниси ва чим устида хоккей мусобақасида Тошкент ҳамда Самарқанд вилояти жамоалари етакчи
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон стол тенниси федерацияси мажмуасида U-19 ёшдаги ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилаётган мамлакат кубоги мусобақасининг яккалик йўналишидаги баҳсларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган саралаш мусобақаларида мамлакат кубоги баҳсларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган 196 нафар маҳоратли кичик ракетка усталари иштирокидаги яккалик мусобақалар якунига кўра, қизлар ўртасида Аделина Ҳасанова ғолибликка эришган бўлса, Дилнавоз Аманова, Шоира Қодирова ва Тўтиё Озоджонова совриндорликка эришди.

Ўзбекистон кубогининг ўғил болалар мусобақасида Хуршид Аҳмедов 1-ўринни, Шаҳбоз Ғуломиддинов 2-ўринни банд этган вазиятда Озод Қаҳҳоров ва Тимур Нурмонов 3-ўринга эга чиқди.
Бугун, 25-ноябрь куни ўғил ва қиз болалар ўртасидаги жуфтлик баҳслари бошланади.
Мусобақалар 28 ноябрга қадар давом этади.
Чим устида хоккей: Кубок Тошкент ва Самарқанд вилояти жамоаларига насиб этди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида чим устидаги хоккей бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақалари кучли жамоаларни аниқлаш билан бир қаторда истеъдодли спортчиларни саралаш имконини берди.

Шиддатли кечган ўйинлар натижасида Тошкент вилояти жамоаси қизлар ўртасида, Самарқанд вилояти вакиллари йигитлар мусобақасида мамлакат кубогини қўлга киритди.
Қизлар жамоалари орасида Бухоро ва Самарқанд вилояти вакиллари кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган бўлса, ўғил болалар жамоалари орасида совринли ўринлар Андижон-1 ва Андижон-2 жамоаларига насиб этди.
Т. Рўзиев, ЎзА