“STesting” лойиҳаси ўқитувчи ва ўқувчиларга нима беради?
Ўзбекистон илк бора 2022 йилда халқаро тадқиқотларда иштирок этади.
Бу орқали мамлакатимиздаги мактабларнинг таълим сифати халқаро даражада баҳоланади. Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш мақсадида А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан “STesting” лойиҳаси амалга оширилди.
Ушбу лойиҳанинг амалий аҳамияти, мазмун моҳияти ва қўлланиш йўриқномаси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги ҳамда А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.

– Ушбу лойиҳага 2020 йил декабрь ойида старт берилган бўлиб, иш жараёнлари 8 ой давом этди. Ушбу жараёнда 40 дан ортиқ мутахассислар фаолият олиб бориб, 100 дан ортиқ видеолар яратилди. Натижада “STesting” платформаси ишга тушди, – деди А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Роджиев. – Ушбу электрон платформа – халқаро баҳолаш дастурлари доирасидаги топшириқлар билан ишлаш кўникмасини шакллантиришга қаратилган электрон тизим ва видео маҳсулотларни ўз ичига олган инновацион платформадир. Платформага 1000 дан ортиқ тестлар жойлаштирилган.
Мазкур электрон платформа сентябрь-октябрь ойларида танлаб олинган мактабларда тажриба синовидан ўтказилди. Энг муҳим жиҳатларидан бири ушбу тест тренажёр платформадан фойдаланиш мутлақо текин.
Мазкур платформа орқали ўқитувчи ва ўқувчилар халқаро баҳолаш дастурларининг топшириқларини ўзида мужассам этган электрон тизимда ўз билимларини синаши, шунингдек, ота-оналарга мўлжалланган видео маҳсулотлар билан танишиши орқали халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришлари мумкин. Шунингдек, ўқитувчи ва ўқувчилар таълим жараёнида фанлараро интеграцияни таъминлашда электрон платформа материалларини бепул юклаб олиш имкониятига эга.
Бундан ташқари матбуот анжуманида ушбу платформанинг ишлатиш йўриқномаси билан таништирилди ва ўқитувчиларни малакасини ошириш, ота-оналарни ҳам фарзандларига бу платформани ўзлаштиришида кўмаклашишга оид лойиҳалар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА