STEAM йўналишидаги энг яхши инновацион лойиҳалар тақдирланди
Тошкент шаҳридаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ҳамда Алфраганус университети ҳамкорлигида “Халқаро STEAM Ассамблеяси – 2026” тадбири ташкил этилди.
Халқаро STEAM таълим куни ҳамда Тинчлик ва тараққиёт йўлидаги умумжаҳон илм-фан куни муносабати билан ўтказилган тадбирда давлат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий ва маҳаллий экспертлар, педагоглар, тадқиқотчилар ҳамда ёш инноваторлар иштирок этди.
Ассамблеядан кўзланган асосий мақсад таълим олувчилар ва педагогларнинг STEAM компетенцияларини ривожлантириш, илмий-инновацион ғояларни амалий ечимларга айлантириш, илғор миллий ва халқаро тажрибаларни оммалаштириш ҳамда таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори Шаҳзодбек Курбаниязов сўзга чиқиб, STEAM ёндашувини узлуксиз таълим тизимига жорий этиш, ўқувчиларнинг ижодий ва тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
“Бугунги кунда таълим олувчиларда фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика йўналишларини ўзаро боғлиқ ҳолда ўрганиш кўникмаларини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. STEAM ёндашуви ўқувчини тайёр маълумотни ўзлаштириш билан чекламайди: у савол беришга, изланишга, тажриба ўтказишга, жамоада ишлашга ва ўз ғоясини амалий ечимга айлантиришга ундайди.
Шу мақсадда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан узлуксиз таълим босқичларига мўлжалланган STEAM методик қўлланмалар туркуми ишлаб чиқилди. Ушбу қўлланмалар мактабгача таълимдан бошлаб мактаб, касбий таълим, бизнес ва инновациялар босқичигача STEAM ёндашувини изчил ривожлантиришга қаратилган.

Уларда педагоглар учун амалий тавсиялар, машғулот ва лойиҳа намуналари, таълим олувчиларнинг ижодий ҳамда тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган ёндашувлар жамланган.
Қўлланмаларнинг самараси, аввало, таълим муассасаларида амалда қўлланилиши ва педагоглар ўртасида кенг оммалашишига боғлиқ. Таълим, фан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, истиқболли STEAM лойиҳаларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш барчамизнинг умумий вазифамиздир”, — деди Шаҳзодбек Курбаниязов.
Шунингдек, Марказ томонидан мактабгача, умумий ўрта, касбий таълим ҳамда бизнес ва инновация йўналишлари учун ишлаб чиқилган “STEAM START”, “STEAM LAB”, “STEAM PRO” ва “STEAM BIZ” амалий-методик қўлланмалари ҳақида маълумот берилди.

Анжуманда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Мария Кастильо сифатли ва инклюзив таълимни ривожлантириш, болаларнинг замонавий кўникмаларини шакллантириш ҳамда таълимда тенг имкониятларни таъминлаш масалаларига эътибор қаратди.
“Ҳар бир бола ўз қобилиятини кашф этиш ва ривожлантириш имкониятига эга бўлиши керак. STEAM ёндашуви болаларда ижодкорлик, танқидий фикрлаш, ҳамкорлик қилиш ва муаммоларга ечим топиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради.
Бироқ таълимдаги инновациялар барча болалар учун очиқ ва қулай бўлиши муҳим. Янги технологиялар мавжуд тафовутларни кучайтирмаслиги, аксинча, уларни камайтиришга хизмат қилиши зарур.

Биз учун энг муҳим вазифа ҳар бир боланинг яшаш жойи ва имкониятларидан қатъи назар, сифатли, инклюзив ва замонавий таълимдан фойдаланишини қўллаб-қувватлашдир”, — деди Рехина Мария Кастильо.
ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади таълимда фанлараро ёндашувларни ривожлантириш, илмий тафаккур ва ижодкорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда инновацион ечимларнинг барқарор тараққиётдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
“Бугунги дунёда иқлим ўзгариши, технологик тараққиёт ва жамият олдидаги мураккаб муаммоларни фақат битта фан доирасидаги билимлар билан ҳал этиш қийин. STEAM ёндашуви турли фанларни ўзаро боғлаш, ўқувчиларни мустақил тадқиқот олиб боришга ва янги ечимлар яратишга йўналтириш имконини беради.

Бунда технологик билимлар билан бир қаторда ижодкорлик, ахлоқий масъулият ва инсонпарварлик қадриятларини ривожлантириш ҳам муҳимдир. Таълимдаги инновацияларнинг ҳақиқий қиймати уларнинг инсон ҳаёти, жамият фаровонлиги ва барқарор тараққиётга қўшадиган ҳиссаси билан белгиланади”, — деди Сара Ношади.
Алфраганус университети ректори Азизбек Исмоилов эса истиқболли илмий лойиҳаларни танловдан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш, ёш тадқиқотчиларнинг ишланмаларини такомиллаштириш ва уларни амалиётга жорий этишда таълим муассасалари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини қайд этди.
“STEAM илм-фан, технология, муҳандислик, санъат ва математикани ягона амалий вазифа атрофида бирлаштиради. Ёшларимиз ҳар бир таклифини далил билан асослашни, тажрибадаги хатони тан олишни ва ечимни такомиллаштиришни ўрганиши зарур. Истиқболли лойиҳаларнинг танловдан кейинги ривожини биргаликда қўллаб-қувватлаш муҳим.

Илмий маслаҳат, тажриба-синов ва ишлаб чиқарувчи билан мулоқот ёш муаллифга ўз ишланмасини такомиллаштириш имконини беради. Бугунги танишувлар эртага аниқ вазифаси, ҳамкори ва кутилаётган натижаси белгиланган қўшма лойиҳаларга айланишини истардим”, — деди Азизбек Исмоилов.
Ассамблея доирасида “FIRST Global Challenge – 2026” халқаро робототехника мусобақаси ғолибларининг тақдимоти, халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида тажриба алмашиш сессиялари ҳамда инновацион STEAM лойиҳалари намойиши ташкил этилди.

Тадбирнинг муҳим қисмларидан бири STEAMнинг бешта йўналиши бўйича энг яхши инновацион лойиҳалар тақдимоти бўлди. Унда қуйидаги лойиҳалар намойиш этилди:
Science — энг яхши илмий-тадқиқот лойиҳаси: Навоий шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Бектош Рўзиқуловнинг тупроқ материаллари ва микроструктуравий хусусиятларига оид тадқиқоти;
Technology — энг яхши технологик ечим: Бухоро давлат техника университети вакиллари Рухшона Рустамова, Зарина Рўзимуродова ва Азиза Алимова томонидан ишлаб чиқилган ишчилар ҳамда ўқувчиларга мўлжалланган веб-платформа;
Engineering — энг яхши муҳандислик ечими: Бухоро давлат техника университети вакиллари Аслиддин Жўраев, Сардор Орзиев ва Қадам Рўзиқуловнинг кичик ҳажмли каналларга бетон қоплама ётқизадиган машина лойиҳаси;
Arts — энг яхши креатив STEAM ечими: Бухоро Президент мактаби ўқувчиси Рухшора Рамазонованинг пластик пакетларни экологик тоза мода аксессуарларига айлантиришга қаратилган лойиҳаси;
Mathematics — энг яхши математик ва аналитик ечим: Гулистон шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Авазбек Жалиловнинг Excel дастури ёрдамида мактаб жадвалини автоматик шакллантиришга оид лойиҳаси.

Тадбир якунида энг яхши инновацион STEAM лойиҳалари муаллифларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Ассамблея таълим, илм-фан, технология ва ишлаб чиқариш соҳалари вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги ҳамкорлик ташаббусларини ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
ЎзА