“СТЕАМ” ўқувчини ижодкорликка ундайди
“СТЕАМ” таълим тизими илм-фан, технология, муҳандислик ва математика фанларини ўз ичига олади ва бу фанларни яхлит тарзда ўқитишни англатади. Бу йўналишдаги ўқитишда фанни яхши ўрганиш, муаммони ҳал қилиш ва мантиқий фикрлашни ўзлаштиришга урғу берилади. “СТЕАМ” ўқувчиларга мактабда, ишда ва турли қизиқишларда муваффақият қозониш имконини тақдим этади.
–Менинг фикримча, бу таълим тизимини бошланғич синфларданоқ татбиқ этиш лозим, –дейди Бухоро вилояти Когон шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Мая Зарипова. –Шунда ўқувчида илк мактаб ёшидан зарурий кўникмалар шаклланади. У атрофидаги олам ҳақида яхлит маълумот олади. Маълумотларни таҳлил қилади, олган билимларини амалиётда қўллаб кўради, ўз инновацион ғояларига эга бўлади ва уни амалга оширишга, муаммоларга ечим топишга интилади. Тажрибамдан бу амалиётнинг самарали натижа беришига амин бўлиб боряпман. Шу боис ҳам аксар дарсларни “СТЕАМ” тизими асосида ўтишга ҳаракат қиламан. Яқиндагина ўзим раҳбарлик қилаётган 4-синф ўқувчилари билан “Сув – бу ҳаёт” мавзусида очиқ дарс ташкил қилдим. Кимё лабораторияси хонасида ўтказилган бу очиқ дарс, очиғи, ўқувчиларим учун “Мўъжизали саёҳат”нинг ўзгинаси бўлди.

Дарс жараёнида ўқувчиларга сув ҳақида маълумот берилди. Аввалида болаларнинг тасаввурларини бойитиш мақсадида монитор орқали сув ҳақидаги қизиқарли видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг ўқувчилар томонидан сув ҳақидаги ҳикматли сўзлар ва шеърлар ифодали ўқилди.
Сувнинг кимёвий таркиби ва унинг хоссаларини ўрганиш жараёни ниҳоятда қизиқарли кечди. Кимё фани ўқитувчиси Мастура Шодиева ҳамкорлигида ўтказилган кимёвий тажрибалар давомида ўқувчилар оддий сувнинг шу қадар мўъжизакор кучга эга эканлигини кўриб, ҳайратда қолишди.

Муҳими, улар сувни қадрлаш, бир томчисини ҳам исроф қилмасдан тежаб ишлатиш лозимлигини чуқур англаб етишди. Яна бир ютуқли жиҳати, ўқувчиларда бу борада инновацион ғояларнинг туғилиши бўлди.

Аслида ҳам таълимнинг асосий мақсади – ўқувчига зарурий билимларни бериш ва уни амалиётга самарали қўллай олиш кўникмасини шакллантиришдан иборат.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири