Статистикани эълон қилишда эҳтиёт бўлиш керак
Тинч океани минтақасида жойлашган Фижи давлати статистика бошқармаси раҳбари мамлакат аҳолисининг тахминан учдан бири камбағалликда яшаётгани ҳақида маълумот тарқатгандан кейин ўз вазифасидан озод этилди, деб ёзмоқда Fiji Times газетаси.
Фижи ҳукуматининг таъкидлашича, статистика бошқармаси директори Кемюэли Найкама фуқароларнинг 2019-2020 йиллардаги даромади ҳақида маълумотларни иқтисодиёт вазирига тасдиқлатмасдан эълон қилган.
Эълон қилинган статистика маълумотларига кўра, мамлакатда яшаётган 864 минг 132 кишининг 258 минг 53 нафари қашшоқ яшайди. Уларнинг 200 минг 871 нафари насронийлар жамоасидан, 41 минг 42 киши ҳиндулар ва 11 минг 679 киши мусулмонлар ҳисобланади.
Фижининг туб аҳолиси орасида 192 минг 977 киши камбағал яшаши маълум бўлди.
Фижида йиллик даромади 2179 долларга етмаган одамлар камбағал ҳисобланади (1000 АҚШ долларидан сал кўпроқ) ва улар асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур буюмларни сотиб ололмайди.
Мазкур маълумотлар Фижи ҳукуматининг мухолифат томонидан кескин танқидига сабаб бўлди.