Футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати Суперлигасининг 14-тур баҳслари Наманганда давом этди. Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионда кечган беллашувда “Навбаҳор” жамоаси Муборакнинг “Машъал” жамоаси билан куч синашди.
Ўз майдонидаги сўнгги учрашувларни кўтаринки савияда ўтказаётган “Лочинлар” бу сафарги рақибига голлар шодасини тақдим этди. Мезбонлар ғалаба тақдирини биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳал этшди. 7-дақиқада жарима зарбасидан бошланган ҳужумни Алишер Одилов маромига етказиб, ҳисобни очди. Орадан 15 дақиқа ўтгач мезбонлар пенальти тепиш имкониятига эга бўлди. Русланбек Жияновнинг ҳужумини бартараф этиш чоғида “Машъал” посбони Достонбек Тўхтабоев ўз жарима майдончаси ичида қўполлик йўл қўйди. 11-метрлик нишондан унумли фойдаланилди. Шундан сўнг “Навбаҳор” футбочилари икки дақиқа ичида иккита гол уришга эришди. Аввалига, 37-дақиқада Русланбек Жияновдан ажойиб “супер пас”ни қабул қилиб олган Забиҳилло Ўринбоев ҳисобни йирик кўринишга келтириган бўлса, 39-дақиқада юзага келган яна бир хавфли вазиятда Аббос Ғуломов ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Майдон эгалари ғалабани “чўнтакка нақд қилишган” бўлсада, иккинчи бўлимда ҳам ўйин сусаймади. 54-дақиқада Аббос Ғуломов ўйинда фаоллиги билан алоҳида ажралиб турган миллий терма жамоа аъзоси Русланбек Жияновнинг аниқ тўп узатишидан сўнг, “дубли”ни расмийлаштирди. Ушбу голдан кейин майдондаги шиддат бироз тингандек кўринди. Бироқ бунга захирадан майдонга тушган легионер Аугусто Педро кўнгани йўқ. Голга чанқоқлигини намоён этган бразилиялик ҳужумчи учрашув тугашига олти дақиқа қолганда воҳаликлар дарвозасини ишғол қилиб, барчасига нуқта қўйди. “Навбаҳор” – “Машъал” 6:0.
– Ўйинга қадар жуда кўп хавотирлангандик. “Машъал” жамоасининг ҳимояда муаммолари борлигини билардик. Улар вертикал футболда яхши ўйнайди, аммо биз схемани ўзгартирдик. Ҳисоб 6:0, менимча, кўп нарса гапириш шарт эмас. Жуда яхши ғалаба бўлди, – дейди қувонч билан “Навбаҳор” бош мураббийи Сергей Лушан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида.

Шунингдек, Сергей Лушан клубнинг давралар оралиғидаги ёзги трансфер сиёсатида қандай янгиликлар бўлиши билан боғлиқ масалага ҳам ойдинлик киритди:
– Албатта, таркиб кучайишини истайман. Мавсум аввалида бизда аниқ бир мақсад йўқ эди, ҳозир эса яхши натижа қайд этишимиз мумкин. Мақсадимиз оддий етмиш фоиз таркибимизни маҳаллий футболчилардан йиғиш ва икки мавсумдан сўнг, чемпион бўлиш. Бунинг учун эса йигитларни ўйнатиш керак.

Ажойиб ғалабадан сўнг Сергей Лушан бошчилигидаги “Навбаҳор” клуби 26 очко билан мусобақа жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олди. Наманганлик футболчилар навбатдаги учрашувларни – кубок нимчорак финали доирасида 2 июль куни Жиззахда “Хоразм” клубига ва суперлиганинг навбатдаги турида Тошкентда 6 июль куни “Пахтакор” жамоасига қарши ўтказади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.