Спортчиларимизнинг “World combat games”даги ютуқлари
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида поёнига етган III Бутунжаҳон жанговар спорт ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 8 та олтин, 7 та кумуш ва 11 та бронза медалларига сазовор бўлди.
16 спорт турининг 25 га яқин йўналишида ўтказилган “World combat games” ўйинларида мамлакатимизнинг 44 нафар спортчиси 8 спорт турида юртимиз шарафини ҳимоя қилди.

120 дан зиёд давлатдан 1600 нафарга яқин спортчи иштирок этган Бутунжаҳон жанговар спорт ўйинларида самбо, дзюдо, ушу, спорт курашлари йўналишларида мамлакатимиз спортчилари муносиб натижаларга эришди.
“World combat games” ўйинлари сарҳисобига кўра, мамлакатимиз спортчилари умумжамоада 6-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йили Хитойда ўтган “World combat games” мусобақаларида Ўзбекистон спортчилари 2 та олтин, 1 та кумуш медаль билан умумжамоада 20-ўринни, 2013 йил Россияда ташкил этилган баҳсларда 1 тадан олтин, кумуш ва 2 та бронза медаллари билан 130 га яқин давлат орасида 28-ўриндан жой олганди.
Т. Рўзиев, ЎзА