Спортчиларимиз Осиё ўйинларида порламоқда
Японияда давом этаётган ХХ Осиё ўйинларининг 28 сентябрь кунги беллашувлари якунига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 42 тага етди.
Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилаётган ХХ Осиё ўйинларининг тўққизинчи кунида Ўзбекистон спорт делегацияси вакиллари ўқ отиш, кураш, теннис, бокс, волейбол, чим устида хоккей, оғир атлетика ва енгил атлетика мусобақаларида иштирок этди.
Куннинг асосий медаллари курашчиларимиз ҳисобига ёзилди. Аёллар ўртасида -78 килограмм вазн тоифасида Покизахон Камолиддинова финалда Жанубий Корея вакили Сумин Мони мағлуб этиб, Осиё ўйинлари чемпиони бўлди. Ушбу вазнда иштирок этган яна бир вакилимиз Шоҳиста Назарова бронза медалига сазовор бўлган эди.
Эркаклар ўртасида -81 килограмм вазн тоифасида Аҳрор Зиёдуллаев финалда эронлик Рамин Аҳмадзодени мағлуб этиб, Ўзбекистон делегациясига 12-олтин медални тақдим этди.
Енгил атлетикада эса Анвар Анваров узунликка сакраш дастурида 8,06 метр натижа қайд этиб, бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, Сабоҳат Самижонова 800 метрга югуриш баҳсларида ўз гуруҳида учинчи бўлиб, финалга йўл олди.

Теннис мусобақаларида Максим Шин ва Севиль Юлдашева тандеми Гонконг вакилларини 7:6, 0:6, 11:9 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди. Яккалик баҳсларида Сергей Фомин тожикистонлик Сомон Амоновни 6:1, 6:1 ҳисобида енгди.
Эркаклар жуфтлигида эса Сергей Фомин ва Ҳумоюн Султонов Хитой Тайпейи вакиллари Хуан Цун-Хао ва У Тун-Линни 4:6, 6:3, 10:3 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олди.
Бокс бўйича чорак финал беллашувларида ҳам вакилларимиз муносиб иштирок этди. Жумладан, -90 килограмм вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони Тўрабек Ҳабибуллаев қозоғистонлик Нурбек Оралбайни, -70 килограмм вазнда Шавкатжон Болтаев хитойлик Ли Гуофенгни, аёллар ўртасида -60 килограмм вазнда Ситора Турдибекова мўғулистонлик Намуун Монхорни, -51 килограмм вазн тоифасида эса Феруза Казакова шимолий кореялик Ан Кум Бёлни мағлуб этди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан 7 нафар боксчи Осиё ўйинларининг ярим финалига йўл олди. Бу кўрсаткич мамлакатимиз терма жамоасининг ушбу босқичда энг кўп чарм қўлқоп усталари билан иштирок этишини таъминлади. Хитой ҳам 7 нафар спортчиси билан 1/2 финалга чиққан.
Ярим финалда Ҳиндистон 6 нафар, Қозоғистон 5 нафар, Япония 4 нафар, Тожикистон, Жанубий Корея, Шимолий Корея, Иордания, Вьетнам ва Хитой Тайпейи 2 нафардан, Филиппин, Эрон ҳамда Таиланд 1 нафардан боксчи билан иштирок этади.
28 сентябрь кунги баҳслар якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 12 та олтин, 17 та кумуш ва 13 та бронза, жами 42 та медаль мавжуд. Умумжамоа ҳисобида мамлакатимиз тўртинчи ўринда бормоқда.
Медаллар жамғариш бўйича Хитой 132 та олтин, 53 та кумуш ва 45 та бронза медаль билан пешқадам. Япония 41 та олтин, 68 та кумуш ва 63 та бронза, Жанубий Корея эса 21 та олтин, 26 та кумуш ва 44 та бронза медаль билан кейинги ўринларни эгаллаб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА