Спорт саломатлик гарови
Наманганда вилоят прокурори кубоги учун картинг ва ҳаво қуролидан ўқ отиш бўйича вилоят биринчилиги мусобақалари бўлиб ўтди.
Наманганда вилоят прокурори кубоги учун картинг ва ҳаво қуролидан ўқ отиш бўйича вилоят биринчилиги мусобақалари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар“ ташкилоти Наманган вилояти кенгаши томонидан вилоят прокуратураси, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этган мусобақада юзга яқин спортчи иштирок этди.

– Вилоятимиз ёшлари орасида картинг ва ўқ отиш спортига қизиқиш тобора ортиб бормоқда, – дейди “Ватанпарвар“ ташкилоти вилоят кенгаши раиси А.Алахўжаев. – Шу боисдан спортнинг бу турлари бўйича вилоят биринчиликларини ўтказиш мунтазам йўлга қўйилган бўлиб, деярли барча умумхалқ байрамлари ёки бошқа муҳим сана шундай мусобақасиз ўтмайди. Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказилаётган навбатдаги биринчилик ҳам спортнинг бу турларига янги истеъдодларни жалб этиши муқаррар.
Учқўрғон тумани ўқув спорт техника клубининг картадромида ташкил этилган картинг пойгасида ёшлар ва катталар ўртасида Уйчи тумани Ўқув спорт техника клуби аъзолари Я.Эгамбердиева ҳамда А.Эгамбердиев ғолиб чиқди.

Ҳаво милтиғидан ўқ отиш мусобақасида ўсмир қизлар ўртасида вилоят Техник ва амалий спорт турлари маркази аъзолари Ш.Пўлатова ва ўсмирлар ўртасида А.Абдувоҳидовга тенг келадиган рақиб чиқмади.
Ҳаво тўппончаси мерганлик баҳси аёллар ўртасида Наманган шаҳар Ўқув спорт техника клуби аъзоси К.Исҳоқова ҳамда эркаклар ўртасида вилоят Техник ва амалий спорт турлари маркази жамоаси аъзоси М.Камолов ғалабаси билан якунланди.

“Ватанпарвар“ ташкилотининг спорт техникалари кўргазмаси, ракетамодель ва авиамодель спорт секцияси аъзолари томонидан намойиш этилган кўргазмали парвозлар мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди.
Мусобақа ғолиблари, фаол иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
