Божхона қўмитасининг “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ҳамда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан тадбир ташкил этилди.
“Электрон тижорат” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости, шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда республика ҳудудига курьерлик жўнатмалари орқали кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний олиб киришга бўлган уриниш бартараф этилди.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида 30 ёшли фуқаро ўз номига Корея Республикасидан юборилган жўнатмани қабул қилиб олаётган вақтда қўлга олинган.

Текширув жараёнида жўнатма ҳужжатларида спорт озуқаси сифатида расмийлаштирилган маҳсулот аслида кукун шаклидаги оқсил таркибига “прегабалин” номли кучли таъсир қилувчи модда мавжуд бўлган 1200 дона капсула яширин тарзда аралаштириб, жўнатилгани аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА