Спорт масканида "Наврўз сайли"
Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Наврўз сайли” ўтказилди.
Байрамда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда соҳа масъул раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Адҳам Икромов сўзга чиқиб, мазкур марказ мамлакатимиздаги спорт масканлари орасида алоҳида ўринга эга эканини таъкидлади. Марказ ўзининг узоқ йиллик фаолияти мобайнида кўплаб чемпионларни тарбиялаб, катта спорт оламига етаклаган. Ҳозирда эса ёш иқтидор эгалари учун замонавий шароитлар яратилиб, уларнинг катта спортга қадам қўйишида муҳим ўрин тутаяпти.
[gallery-22336]
Тадбир доирасида марказ спортчилари ва мураббийлари ўртасида “Ош чемпионати” ташкил этилди, шунингдек, спортчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Байрам сайли доирасида марказда барпо этилган бир қатор янги иншоотларнинг очилиш маросимлари ҳам бўлиб ўтди.
Жумладан, марказ ҳудудида 4 қаватли, 300 ўринли, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ўқувчилар турар жойи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, марказнинг “Тиббиёт бўлими” янгидан барпо этилди ва зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.
Бундан ташқари, 2024 йилда “Open Budget” лойиҳаси доирасида ажратилган маблағлар ҳисобига 40х20 ўлчамдаги сунъий қопламали икки замонавий футбол майдончаси ҳамда "Workout" майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ҳозирда 19 та олимпия, 2 та миллий, 1 та ноолимпия ҳамда 5 та паралимпия спорт турлари бўйича 107 нафар тренер-ўқитувчи фаолият юритмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алимурод Мамадаминов (сурат)
ЎзА