Спорт курашлари: Терма жамоаларимиз Осиё чемпионатида қатнашади
Куни кеча Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси томонидан Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида жорий йилнинг 6-12-апрель кунлари спорт курашлари бўйича ўтказиладиган XXII Осиё чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар номи эълон қилинди.
Унга кўра, юнон-рум кураши баҳсларида 10, эркин курашда 10 ва аёллар курашида 10 нафардан спортчилар қатнашиши белгиланди.
Терма жамоаларимиз таркибида Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларга эришган номдор курашчиларимиздан Разамбек Жамалов, Умиджон Жалолов, Ғуломжон Абдуллаев, Ҳасанбой Раҳимов, Арам Варданян, Исломжон Баҳромов, Актенге Кеунимжаева, Лайлохон Собирова қаторида бир нечта ёш спортчиларимиз ўз вазнларида ғолиблик учун кураш олиб боришади.
Кеча чемпионатга тайёргарлик кўраётган терма жамоа аъзолари ва мураббийларга Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси томонидан махсус спорт формалари тақдим этилди.
Қитъа чемпионати низомига мувофиқ, 6-8 апрель кунлари юнон-рум, 8-10 апрелда аёллар ҳамда 10-12 апрель кунлари эркин кураш беллашувлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА