Спорт — ҳам дори, ҳам гўзаллик (+видео)
76 ёшни қаршилаган Гулчеҳра опа Ашурова ҳар куни эрталаб соат 5:00 да ўзи яшайдиган маҳаллада скандинавча юришни одат қилган. Асли касби шифокор бўлган қаҳрамонимиз нафақага чиққач, бироз тўлишган ва оқибатда ўзини ёмон ҳис қилаётганини сезиб, спорт билан шуғулланишга аҳд қилган.
— Илгари учинчи қаватга кўтарилсам, нафас олишим қийинлашиб, юрак уришим тезлашарди, — дейди Гулчеҳра Ашурова. — Вазним 75 килограммга ортгач, скандинавча юришни машқ қила бошладим. Айримлар нега сиз ҳассага таяниб юрасиз, деб сўрашади. Бу ҳасса эмас, спортнинг скандинавча юриш тури. Бу спорт билан шуғулланган одам юрганида қаддини тик ушлашга ҳаракат қилади. Одам организмидаги барча мушакларнинг яхши ишлаши учун ёрдам беради. Спорт билан шуғулланишни бошлаганимдан сўнг ўзимни яхши ҳис қилиб, энг юқори қаватларга ҳам бемалол чиқиб тушадиган бўлдим.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YZJ6Kp6EeBg" title="Sport — ham dori, ham goʻzallik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулчеҳра опа биз билан суҳбатда айрим аёллар ортиқча вазндан қутулиш учун турли дориларни қабул қилиб, оқибатда касаллик орттириб олаётганидан куюниб гапирди.
— Олмазор тумани Ғани Аъзамов маҳалласида яшайман. Маҳалламиздаги аёлларга ҳам ўриндиқда ўтирмасдан юриш ҳамда югуриш билан шуғулланишни маслаҳат бераман. Соғлом бўлиш учун ўтириш фойда бермайди. Озиш ва соғлом бўлишнинг энг яхши усули бу спорт. Спорт инсон учун ҳам дори, ҳам гўзаллик, — дейди Гулчеҳра опа.
Н.Раҳмонова, ЎзА