Спектакл ижобий баҳоланди
Бухоро вилояти мусиқали драма театрида Шекспир асари асосида “Ричард III” спектакли саҳналаштирилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли режиссёр ва санъат арбоби Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган асар Бухоро вилояти мусиқали драма театрида намойиш этилди. Спектакль Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари Б.Аҳмедов ҳамда бир гуруҳ ҳайъат аъзолари томонидан муҳокама этилиб, ижобий баҳоланди.
– Маълумки, кейинги йилларда ўзбек театр санъатини жаҳон талаблари даражасига кўтариш, юртимиз театрларида бадиий баркамол саҳна асарлари сонини ошириш мақсадида хорижий драматургияга қўл урилмоқда, – дейди Бухоро вилояти мусиқали драма театри адабий-бадиий бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Моҳигул Назарова. – Спектаклдаги бош роль - Ричардни театрнинг ёш, истеъдодли артисти Бахтиёр Нажмиддинов ижро этди. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ҳошимова, Саодат Ғуломова, “Дўстлик” ордени соҳиби, етакчи саҳна устаси Раҳим Эргашев, “Шуҳрат” медали соҳиби Анвар Мавлянов, Дилафрўз Кенжаева, Рустам Раҳматов, Зайниддин Каримов, Нормурод Тўқсонов ҳамда бошқалар бош ва етакчи ролларни ижро этди. Оммавий саҳналарда театрнинг балет гуруҳи раққосалари ва вокал артистлари қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА