"SPA": Нигерияда мусулмон ва христиан етакчилари ўртасида тинчлик битими имзоланди
Нигерияда мазҳаблараро тотувликни мустаҳкамлаш мақсадида 50 дан ортиқ мусулмон ва христиан диний етакчилари ўзаро тинчлик битимини имзоладилар. Ахборот ҳамкоримиз - “SPA” ёзишича, ушбу ҳужжат Мусулмон дунёси лигаси томонидан Абужа шаҳрида ташкил этилган анжуманда тасдиқланган.

Тадбир доирасида диний бағрикенгликни янада ривожлантириш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида янги динлараро ташкилотга ҳам асос солинди. Ушбу хайрли ташаббус 200 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Нигерияда давом этаётган диний бўлинишлар фонида юзага келди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Нигерияни “шармандали мамлакат” деб атаб, у ердаги “исломчи террорчилар” томонидан христианлар таъқиб қилинаётганини важ қилиб, ҳарбий аралашув билан таҳдид қилгач, диний зиддиятлар янада кескинлашган эди.

Мамлакатнинг шимоли-шарқида “Боко Харам” ва “Ислом давлатининг Ғарбий Африка вилояти” каби экстремистик гуруҳлар 15 йилдан ортиқ вақтдан бери қуролли ҳужумлар уюштириб келмоқда.
Ушбу келишув 2027 йилнинг январь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари арафасида тузилди. Экспертлар фикрича, бўлажак сайлов кампаниясида диний омиллар яна бир бор мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.
(Ушбу мақола ЎзА ва SPA ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувига мувофиқ тайёрланди)
Ф.Яхшибоева, ЎзА