Сўзларнинг сараларин сайлаган шоир
Шоир Шавкат Раҳмоннинг 70 йиллигига
Шавкат Раҳмон мансуб 70-йиллар авлодига истиқлол соғинчини баланд пардаларда куйлаш насиб этган. Мен бекорга “насиб этган” демадим. Зеро, яхши маълумки, истибдод деганлари энг аввал сўз ва фикр эркинлигини бўғади. Аммо, қанча қудратли бўлмасин, истибдоднинг умри боқий эмас, чунки у инсон табиатига зид. Бас, унинг умрида ҳам болалик, ёшлик, етуклик ва кексалик паллалари бор. 70-йиллар авлоди истибдод ўзининг кексалик палласига кирган вақтда майдонга тушди. Яъни бу авлоднинг ижодий ўзига хослигини белгилаган ижтимоий-психологик омиллар ҳақида гапирганда, менимча, энг аввал, жамиятда ғояга ишончнинг сўниши, мамлакатнинг “турғунлик” деб аталган даврга киришини кўрсатиш лозим бўлади. Зеро, айни шу авлод мазкур ўзгаришларни жуда ўткир ҳис этган. Чунки бу авлод вакиллари жамиятда фасл алмашган ўша 56-йилда эндигина мактабга борган, “ижтимоий баҳор” кайфиятига яраша сабоқлар тинглаган, шунинг нафаси уфуриб турган дарсликлару газета-журналларни мутолаа қилган, радио-телевидение орқали ер юзидаги “жаннатдан репортаж”ларни тинглаб-томоша қилиб улғайган. Ва шу боис ҳам бу авлод ўзи тўқнаш келган ҳаёт билан ғоянинг, сўз билан амалнинг бир-бирига номувофиқлигини 60-йиллар авлодига нисбатан теранроқ ҳис қилган. Шунинг учун ҳам 60-йиллар авлодининг илк ижодида фаолиятга ташналик, “қуриш, яратиш” иштиёқи устувор бўлган эса, 70-йиллар авлоднинг илк ижодида ўзгача кайфият кузатилади. Зеро, бу авлод ижоддаги илк қадамлариданоқ кучли ижтимоий дард билан оғриди, буни Шавкат Раҳмон “Юракнинг энг чуқур жойида Оғриққа айланган туйғу” дея ифодалайди. Туйғунинг исмини эса шоирнинг илк тўпламига очқич қилиб олинган тўртликдан билиб оламиз:
Жойлашгансан шунчалар чуқур...
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормоқлик учун
Узун умрим етмаса керак.
1975 йилда ёзилган тўртликнинг “Ватан” деб номлангани бежиз эмас, оғриқли туйғуларнинг бари шу тушунча билан боғлиқ. Айни шу даврда ёзилган бошқа бир шеър лирик қаҳрамони эса “кечалар оғриқдан инграб ётиши”ни айтаркан, “ўша оғриқни беғам, бўғриққан – Оғриқсиз юзларга отаман” деб айтади. Ким улар – “оғриқсиз юзлар” ким? Ахир, шеър умумга мурожаатдан бошланган:
Кўзингизни очинг, қўрқманг,
Зиёдан қамашсин, оғрисин, майли.
Майлига яшамоқ бўлсин қийинроқ –
Очиқлиги туфайли .Шоирнинг хитоби аксарият замондошларига – тўқликдан бўғриққанча туриш-турмушидан мамнун, атрофида юз бераётган ҳодисаларга лоқайд қараб яшаётган кишиларга қаратилган. Аслида, бу “уйғониш”га даъват, тарихимиздаги миллий уйғонишнинг иккинчи тўлқинидан таралган сас эди. Сираси, 70-йилларда жамиятимизда юзага келган ҳолат бир пайтлар жадидлар ғафлат, жаҳолат деб атаган шароитнинг бошқача бир кўриниши эди. Гўё ҳаммаси яхшидек: юрт тинч, элнинг қорни тўқ, турмуш борган сари фаровонлашиб бораётгандек... хуллас, яшашдан мурод шугина бўлса, индамайгина яшайверса бўладиган. Лекин “кўзи очиқ” кишиларга – Ватан, миллат, тил, эътиқод каби тушунчалар ҳақида ўйлашга қобил кишиларга яшаш ҳақиқатан ҳам қийинлашиб бораётган, мавжудлик юракда оғриқ ҳосил қилаётган палла эди бу. Миллатнинг истеъдодли ва албатта кўзи очиқ кишилари сифатида бу авлод шоирларининг мавжуд ҳолдан кўнгли тўлмайди, аксинча, юракларидаги дард чўнглашиб боради. Мазкур ижтимоий ҳол-кайфият Шавкат Раҳмоннинг “Бахтиёрман деган биргина сўзни ... бир умр айтмай яшадим” деган сўзларида ўзининг яққол ифодасини топган. Зеро, бу сўзни “элнинг бахти учун умрин тиккан шоирлар” биринчи бўлиб айтмаслиги керак. Фақат эли-халқи тўлақонли бахтиёр бўлганидагина шоир бу сўзни айтишга ҳақли бўлади. Яъни бу сўзларда Ш.Раҳмоннинг ҳаётий ва ижодий позицияси жамулжам. Масаланинг бу тарзда қўйилиши бежиз эмас: 70-йилларнинг ўрталарида шеъриятимизга янги нафас олиб кирган 60-йиллар авлоди ҳам депсиниб қолган. Шеърият кейинги одимни ташлай олмай тараддудланиб қолган паллада бу вазифани 70-йиллар авлоди ўз зиммасига олди.
Эътиборли жиҳати шуки, 70-йиллар авлоди илк ижодидаёқ ўз ғоявий-эстетик позициясини аниқ белгилашга интилади. Шу сабабли шоир қисматию вазифаси, шеър ва шоирлик мавзусида талайгина шеърлар яратилди. Аввал
о шуки, бу авлод шоирликни қисматгина эмас, яшаш тарзи деб билди. Бу шундай яшаш тарзики, дунёда юз бераётган ҳар неки бўлса, шоир юрагида садо бермоғи, шоир буларнинг бари учун ўзини масъул ҳис қилмоғи даркор. Жумладан, Ш.Раҳмон 1974 йилда ёзилиб, рус шоири Е.Евтушенкога бағишланган шеърига худди шу фикрни сингдиради:
Ором бермас ҳар лаҳза, ҳар дам,
Ўзингизни севмассиз букун –
Ҳаққингиз йўқ, энди ҳар одам
Жавобгардир мажруҳ ер учун.
Орадан кўп ўтмай Пабло Нерудага бағишланган шеърида Шавкат Раҳмон бу фикрни янада чуқурлаштиради, шоирлик ва яшамоқ сўзларини бир-бирига маънодош (синоним) сифатида талқин қилади:
Шоирман –
Бораман зулматга тикка.
Сира ҳам ҳаққим йўқ букун дунёда
Шоир бўлмасликка,
Яшамасликка!
Демак, унинг назарида яшамоқ ва шоирлик сўзлари маънодош, иккисининг ҳам моҳияти зулматга қарши бориш, бефарқ бўлмасликдадир. Яъни бу ўринда юқорида айтилган “кўзи очиқ” ҳолда яшашлик шоирга қўйилаётган энг бирламчи шарт сифатида тушунилади.
Бунгача кўриб ўтдикки, ХХ аср ўзбек шеъриятидаги барча авлодлар адабиётни кураш майдони деб билган. 70-йиллар авлоди ҳам бундан истисно эмас. Фақат унинг кураш мақсади ўзга. Хусусан, Хуршид Даврон “Адабиёт – она халқ учун, Ватан учун, севги учун жанг” деб ёзади. Ш.Раҳмон эса “Ёш ўзбек шоирларига” номли шеърида кураш мақсадини бундай аниқлаштиради:
Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин
болаларга қолсин жаннат еримиз.
Албатта, 80-йиллар аввалида истиқлол ғоясини бундан-да очиқ ифодалаш мушкул эди. Қолаверса, “болаларга қолсин жаннат еримиз” деганида шоир мустақил Ўзбекистонни назарда тутаётганини англаш ҳам қийин эмас. 70-йиллар авлоди салафлари журъат топганида ўз-ўзига шивирлаб, аксар эса ичидагина айтолган гапларни ҳайқириб айтишга имкон топдики, бу унинг илғорида турган шоирларга хос жасоратдан дарак беради. Сираси, 70-йиллар охирига келиб бу уларнинг англанган ижодий принципларидан бири бўлиб қолганди ҳам. Ш.Раҳмоннинг:
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар:
Ватан Халқ Жасорат Кураш Озодликдеб ёзиши бунинг ёрқин далилидир.
70-йиллар авлоди ижодида Ватан мавзуси етакчи ўрин тутади. Шу жиҳати билан бу авлодни ўзидан олдинги авлод бошлаб берган анъананинг давомчиси сифатида тушуниш мумкин. Айни чоқда унда мавзунинг талқини салафлардан ўзгачароқ. Менга қолса, бу авлоднинг Ватанга муҳаббати оғриқлироқ деган бўлардим. Хўш, бу оғриқ нимадан? Унинг ижтимоий-психологик илдизлари қайдан озиқланади? Менимча, буни англаш учун 60-йиллар авлоди билан қиёслаб кўриш керак бўлади. А.Орипов ва Э.Воҳидовлар Ватанга муҳаббатни баралла изҳор этишди, унинг буюк ўтмиши туфайли туйган фахру ифтихорни имкон даражасида ифодалай олишди. Ватан ҳақида мушоҳада этганларида уларнинг дилидан ҳам гоҳи-гоҳида оғриқ симиллаб ўтган. Хусусан, А.Ориповнинг “миллион эгатларга сочилган ўзбек”, “рангпар сингил” ҳақидаги оғриқли мушоҳадалари бунинг ёрқин далили. Бироқ уларда бу оғриқнинг дафъи учун самарали дори – Ватаннинг порлоқ истиқболига ишонч бор эди. Майли, бу ишонч шўро кўзлаган мақсад билан муштарак бўлсин, майли, баъзи-баъзида сусайиб дилларига изтироб солган бўлсин, барибир, ишонч бор эди. 70-йиллар авлоди майдонга кирган вақтга келиб бу ишонч чилпарчин бўлган, энди Ватан, унинг ўтмиши, ҳозири ва келажагини қайта бошдан тафаккур ва қалбдан ўтказиш тақозо этиларди. Ш.Раҳмон юқорида эслатилган “Ватан” номли тўртлигида “Жойлашгансан шунчалар чуқур... Ўз тубига яширган юрак. Сенга етиб бормоқлик учун Узун умрим етмаса керак” дейиши шундан. Эҳтимол, бир қарашда бу сўзлар шоирона лутф, навқирон йигирма беш ёшдаги истеъдод соҳибининг Ватанни англашим учун умрим етмаслиги мумкин, деган иқрори муболағадек туюлар,балки. Лекин орадан қарийб ўн йил ўтиб Ш.Раҳмон “Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин Сочим оқарганда англадим, Ватан!” дея хитоб этади. Ҳа, “сочим оқарганда” деганида у 34 ёшда эди, бу эса ҳали навқирон ёш. Шунга қарамай, «сочим оқарганда»
деяпти, чунки Ватанни янаям аввалроқ англаш керак эди.Зеро:
англасам лоақал ўттиз йил аввал,
лоақал туғилмай туриб англасам...
Кўрган бўлармидим сени мукаммал.
Бир қарашда “туғилмай туриб англасам” дегани мантиққа хилофдек ёхуд муболағадек кўринади. Тузукроқ назар солинса, парчадаги биринчи ва иккинчи мисраларнинг ўзаро боғланишида ҳам мантиқ бузилган: уларнинг ўрин алмашгани мантиқан тўғрироқ бўларди. Наҳотки, шоир шуни пайқамади? Йўқ. Бу ерда атайинлик бор, алогизм ёрдамида ўқувчи диққатини жалб этишга ҳаракат бор. Ўқиш жараёнида шоир “мен”и ҳар бир ўқувчига кўчиши эътибор қилинса, бу ердаги ўзига мурожаат халққа мурожаатнинг ўзига хос йўли экани аён бўлади. Яъни, мантиқий ғализлик ёшидан қатъи назар, ҳар бир ўқувчининг шеърдаги ўй-ҳисларни “меники” деб қабул қилишига замин ҳозирлайди. Ва ҳар бир ўқувчи Ватанни мукаммал кўрмаётгани учун аввало ўзини жавобгар деб ҳис этади. Демак, бунга аввало ифода усули деб қараш жоиз. Айни чоқда, Ш.Раҳмоннинг илк китобига очқич бўлган «Ватан» номли тўртлигидан тортиб охирги – “Айт, эй, хаста булбулим, Ўшга қачон етамиз” деб бошланувчи шеърига қадар Ватан ҳақида, унга бўлган муҳаббату тақдирига қайғуришдан туғилган десак, янглишмаймиз. Жумладан, шоирнинг бирон-бир ўринда Ватан сўзи ишлатилмаган кўплаб шеърлари ҳам моҳиятан она диёрнинг у ёки бу шакл ва тарздаги тараннуми деб қаралиши мумкин.70-80-йилларга келиб бирмунча мўътадиллашган сиёсий-мафкуравий иқлим шароитида собиқ империяда кўзи очиқ, ҳақиқатпарвар зиёлиларнинг, айниқса, ижодкорларнинг адабиёт ва санъатнинг ўзга соҳалари воситасидаги умумий катта ёлғонга қарши кураши янги босқичга кўтарилди. Шавкат Раҳмонлар авлодининг Ҳақиқат, Ватан, Жасорат, Озодлик ҳақида куйлай бошлаши ана шу катта курашнинг бир парчаси ўлароқ намоён бўлди. Бунинг учун тарихий асослар ҳам мавжуд бўлиб, бу асос, аввало, жадидларнинг Ватан озодлиги йўлидаги курашлари билан, хусусан, Чўлпон билан, унинг исёнкор шеърияти билан, Э.Воҳидов, А.Орипов ва Р.Парфилар анъаналарини давом эттириш билан боғлиқ эди. Инчунун, Чўлпон ва Ш.Раҳмонлар шеъриятидаги ҳамоҳанглик айнан шу ердан туғилди. Улар ижтимоий дардни куйлаш нуқтаи назаридан бир-бирига яқинлашиб келади. Бироқ уларда тафовутли жиҳатлар ҳам мавжуд: Чўлпон шеъриятида ҳамма нарса айланиб келиб юрт озодлиги муаммосига тақалаверади. Унда ҳатто гул ва ёр ҳақидаги шеърлар ҳам охир-оқибат Ватан ҳурлиги ҳақидаги орзу-армонларга йўғрилиб кетаверади. Яъни Чўлпон шеърияти ўзининг ибтидосидан интиҳосигача асосан юрт озодлиги қайғусига бағишлангандир. 70-йиллар авлодининг бош қайғуси ҳам шу, лекин унга Ҳақиқат ва Жасорат зиналари орқали чиқилади. Яъни мақсадга етмоқ учун, Шавкат Раҳмон юқорида эслатилган шеърда даъват қилганидек, ҳар қанча қийин бўлса-да, “кўзни очиб” – ҳақиқатга тик боқиб яшамоқ талаб этилади. Айни шу нарса кўп жиҳатдан бу авлод шеъриятининг мавзулар доираси ва ғоявий йўналишини белгилаб берди.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, шеъриятимизга 70-йилларда кириб келган авлоднинг ижодий фаолияти узоқ вақт адабиётмизни ўз исканжасига олган мафкура тазйиқидан бирмунча эркин тарзда бошланди ва 80-йиллар ўрталаридан бошлаб ундан, асосан, халос бўлиб борди. 70-йиллар авлоди юртимиздаги мавжуд ҳолат, халқнинг фоже аҳволи, ўтмиши ва келажагига янгича назар солди. Шунинг натижасида бу авлод, салафларидан фарқли ўлароқ, Ватан истиқболини коммунизм ғояси билан боғлиқ ҳолда кўрмади. Аксинча, у ғоя ўз умрини яшаб бўлганини, расмий мафкура шиорлари билан ҳақиқий ҳолат орасида тубсиз жар ҳосил бўлганини теран ҳис қилди ва шунинг натижасида юртининг истиқболини истиқлол билан боғлиқ ҳолда тасаввур қила бошлади.
Жамиятда ҳоким мафкуранинг асоси бўлган социализм ғоясига ишонч сусайган ва кейинча “турғунлик даври” деб аталган давр қатор жиҳатлари билан жадидлар “ғафлат, жаҳолат” деб атаган шароитга ўхшаш эди. Мавжуд аҳволни теран бадиий идрок этган бу авлод ўзининг асосий вазифасини халқни “уйғотиш”да деб билди. Ва бу мақсадга эришиш учун жамиятдаги маддалаб бораётган иллатларни очиб кўрсатди, халқнинг фоже аҳволи ва бунинг асл сабабларидан баҳс юритди, ўқувчиларни бу ҳақда фикрлашга йўналтирди, шунга ўргатди.
Шу маънода 70-йиллар авлоди адабиётимиздаги миллий уйғонишнинг иккинчи тўлқинидир.
Улуғбек Ҳамдамов,Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари доктори.
ЎзА