2022 йил 2 февралда Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Натижада олис ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг маданий дам олишлари, маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини миллий чолғулар, мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлашнинг яхлит тизими яратилди.
Албатта бу эътибор қадимий касб эгалари – созгарларни ҳам четлаб ўтмади. Уларнинг буюртмалари кўпайиб, ўз ҳунарларидан барака топишди.
Масалан, мақсад сари интилиб, Тошкентга илм излаб келган асли самарқандлик Азамат Исломов уста-ҳунармандлар сулоласини бошлаб берди. Дастлаб консерваторияни тамомлаб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” Абдунаби Абдуғаффоровдан соз сирларини ўрганди. Ёшлик чоғлариданоқ соҳага бўлган катта қизиқиш туфайли 20 йил давомида тажрибасини оширди ва ўзи олдига қўйган мақсадларига эришди.
Эндиликда уста хонадонидаги устахонасида ўнлаб шогирдларига соҳа сирларини ўргатиб келмоқда. Фарзандлари эса сулола давомчиларидир. Муҳими оддий ёғочга жон бағишлаб, куй таратиб, одамларга руҳий озуқа бағишлаб келмоқда. Албатта, ўз ҳунаридан фаровонликка эришган оилада бу касбга бўлган қизиқиш, эътибор жуда юқори. “Касбимдан барака топганим бу ҳунарга меҳр қўйганимда”, - дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Шу ўринда устоз-шогирдлар миллий созларимизнинг анъанавий ясалишига, жамиятимизда ўрнини сақлаб қолишга, уни ривожлантиришга интилишаётгани эътиборга молик.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/iG576TgzLVc?si=7yGeHZDAJjpzR4Ck" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев(видео), ЎзА