Сўз қудратига ишонган ижодкор
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ матбуот маркази раҳбари Абдумажид Жўраевни нафақат вилоятда, балки Республикамизда кўпчилик оддий қаламкаш журналист ва шоир сифатида яхши танийди. Бу инсон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматида ишлаб юрган кезлари ўзининг самимийлиги, оқкўнгиллиги ҳамда тўғрисўзлиги билан танилган.
Ғойибдан келган бахт бу афсонадир, деган нақлни А.Жўраев босиб ўтган машаққатли довонлар мисолида кўриш мумкин. Ўша пайтлари А.Жўраев олис тумандан келиб, Навоийда яшади. Оддий оилавий ётоқхонада туриб, ҳокимликда кечани кеча кундузни кундуз демай меҳнат қилди. Оддий қишлоқ йигити эмасми, ўзининг танти ва тўғрисўзлиги, қолаверса, вазифасига виждонан ёндашиб ишлагани ўша пайтлари вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг назарига тушди. У вилоятнинг бош нашри, вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Дўстлик байроғи” ва “Знамья дружбы” газеталари таҳририяти бош муҳаррири сифатида иш бошлади.
Унинг раҳбарлигида газета сифат жиҳатдан ҳам, маъно-мазмун жиҳатдан ҳам ижобий томонга ўзгарди. Тиражи ҳам 50 минг нусхадан ошди. Бу вазифада ҳам у оддийлигини йўқотмади, вилоятдаги ижодкорларнинг ёзган мақола, очерк ва асарларини газета саҳифаларида пешма-пеш чоп этиб, вилоят матбуотининг ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Унинг газета чоп этишдаги ижодий маҳорати Республика миқёсида ҳам эътироф этилди. Газета таҳририяти унинг раҳбарлигида 2016 йилда журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XI Миллий мукофоти танловида матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Ҳа, ҳар бир инсон умри эзгу амаллари билан ўлчанади, меҳнати, интилиши ортидан қадр топади. Камтарин инсон Абдумажид Жўраев ўз бахтини оддий қалам, сўз орқасидан топган инсонлардан биридир. Унинг таҳлилий мақолалари бугун ҳам Республикамизнинг нуфузли газеталарида эълон қилинмоқда. Яқинда Республиканинг нуфузли нашри – “Ҳуррият”да “Маржонбулоқ ва маржонбулоқликлар” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада “Навоий кон металлургия комбинати” тизимида ишлаётган, бугунидан рози, келажакка бўлган ишончи мустаҳкам оддий одамларнинг ҳаёт тарзи худди рассом сурат чизгандек тасвирланган. Бундай мақолалар Янги Ўзбекистонда рўй бераётган янгиликларга унинг ҳозиржавоб ва бефарқ эмаслигидан далолатдир.
Абдумажид Жўраев асли нурободлик. Зиёли оиласида туғилган. Отаси Ирисбой домла дунё кезган инсон. Кўп йиллар халқ таълими соҳасида масъул лавозимларда ишлаган. Шундан бўлса керак, Абдумажид ака ёшлигидан ижодга меҳр қўйган. Мактаб даврларидаёқ шеър ва мақолалари ҳудуд газеталарида мунтазам чоп этилган. Орзулари уни пойтахтга етаклади. 1997 йилда Тошкент давлат университети журналистика факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирди ва ўқишдан ажралмаган ҳолда маҳаллий газеталарда газеталарида мухбир бўлиб ишлади...
2009 йилда Навоий вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлаб ушбу масъул лавозимда 2013 йилгача ишлади. Шу даврда соҳада жуда катта ислоҳотлар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, замонавий полиграфия технологиялари ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Қаҳрамонимиз 2015-2019 йилларда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати сифатида фаолият олиб борди, халққа хизмат қилди. Вилоятнинг кўплаб ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид тадбирларда фаол иштирок этди. Меҳнатлари “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига – 20 йил” ва “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига – 25 йил” эсдалик нишонлари, Навоий вилояти ҳокимлиги фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Бугун "Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" шиори остида Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятида юқори савияда ўтказилган "Энг улуғ, энг азиз" кўрик-танловининг “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” йўналиши бўйича юксак эътирофга сазовор бўлгани Абдумажид Жўраевнинг ижоди бардавомлигидан дарак.
Дарвоқе, Абдумажид Жўраев сўз қудратига ишонган ижодкор сифатида фарзандларини ҳам эл юртга хизмат қиладиган касбларни танлашига доимий эътибор қаратиб келмоқда. Малоҳат янга билан мазмунли ҳаёт кечириб, 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди, 6 нафар набираларнинг меҳрибон бобоси. Ўғли Абдумалик Жўраев Довгистов дала-қидирув экспедициясида меҳнат қилиш билан бирга Геология фанлар Университети талабаси, Улуғбек “Навоий уран” давлат корхонасида меҳнат қилиш билан бирга Нукус давлат техника университетида таҳсил олмоқда. Қизи Маржона эса ота изидан бориб, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини тугатди. Мақола ва очерклари матбуотда чоп этилиб турибди.
Ҳа, инсон умрини дарёга менгзашади. Абдумажид Жўраев ҳам олтин қаламини ана шундай эл-юрт ва халқимиз манфаати йўлида тебратаётгани билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда.
Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,
журналист