
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, вилоят адлия бошқармаси, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида матбуот котиблари, журналист ва блогерлар учун “Медиа саводхонликни ошириш, медиа-маконда ҳуқуқий нормалар ҳамда фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари” мавзусига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.
Сариосиё туманидаги сўлим тоғлар қўйнидаги “Тўпаланг ГЭС” биносида ўтказилган тадбирда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Раҳмонов, бош маслаҳатчи Бунёд Авазов мамлакатимизда юз берган очиқлик, ошкоралик инсоннинг ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга эканлигини баён қилди. Бу жараёнда шахс оғзаки ёки ёзма шаклда, жумладан, матбуот орқали ўз фикрини айтиш учун сўз эркинлиги яратилгани қайд этилди.

Бу ҳуқуқ қатор халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, янгиланган Бош Қомусимизнинг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга экани алоҳида белгилаб қўйилган.

Семинар машғулотларида матбуот котиблари, журналист ва блогерлар учун сўз эркинлиги ҳуқуқининг мураккаб жараёнлиги, баъзан ўзга шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилиниши эҳтимолини ҳам юзага келтириши мумкинлиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрий ҳужжатларида ҳам алоҳида қайд этилгани хусусида етарли маълумот берилди.

Нотўғри ахборот тарқатганлик учун белгиланган жавобгарлик масалалари, шунингдек, нотўғри тарқатилган маълумотлар учун раддия бериш тартиблари, матбуот котиблари, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, ахборот тарқатиш талаблари каби муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири