Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Сойибобод маҳалласида жойлашган 3-сонли умумтаълим мактабида замон талабига мос, қизиқарли ва илҳомбахш ташаббус ҳаётга татбиқ этилди. Мактаб директори Эркинжон Мирзажонов бундан йигирма йил муқаддам Гулистон шаҳридаги академик лицейда таҳсил олаётган пайтдаёқ орзу қилган ишларидан бирини амалга оширди — мактаб радиоси ташкил этилди.
847 нафар ўқувчи таҳсил олаётган ушбу таълим даргоҳида радио фаолиятининг йўлга қўйилиши собиқ битирувчиларнинг ҳомийлигида амалга оширилди. Бу жараёнда нафақат йигирма йил аввал, балки 25, 30 ва ҳатто 40 йил муқаддам мактабни тамомлаб, ҳаётда ўз ўрнини топган авлод вакиллари ҳам катта ташаббускорлик кўрсатишди.

– Бу ғоямни ҳам ўқувчиларимиз, ҳам уларнинг ота-оналари қизғин қўллаб-қувватлади, – дейди мактаб директори Эркинжон Мирзажонов. – Чунки мактаб радиоси нафақат ахборот узатиш воситаси, балки маънавият ва тарғибот минбари сифатида ҳам хизмат қилади.
Радио ҳар куни эрталаб Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари билан эфирни бошлайди. Бу эса ўқувчиларга тонгги кўтаринки руҳ бағишлайди. Шундан сўнг дарслар бошланиши ва танаффус вақтлари эълон қилинади, мактаб жамоаси ҳамда ўқувчиларнинг фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ва ижодий танловлардаги ютуқлари ҳақида хабарлар берилади. Бу ўз навбатида, ёшлар қалбида фахр ва янги марраларга интилиш туйғусини кучайтиради.

Қувонарлиси, радио эшиттиришлари дарс жараёнига халақит бермайди. Улар асосан дарсдан кейинги вақтларда олиб борилади. Эфир дастурлари она тили фани ўқитувчиси раҳбарлигида журналистикага қизиққан 6 нафар иқтидорли ўқувчи томонидан тайёрланади. Шу орқали улар нутқ маданияти, ижодий изланиш ва етакчилик кўникмаларини ривожлантириш имкониятига эга бўлмоқда.
Умумтаълим мактабининг яна бир ютуқли томони — яқинда у Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали томонидан ўтказилган “Энг намунали лойиҳа” танловида 1-ўринни эгаллаб, 30 миллион сўмлик ваучер ҳамда физика хонаси учун замонавий ўқув жиҳозларини қўлга киритди.
Сўнгги йилларда мактабда ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда 40 дан ортиқ фан тўгараги фаолият юритмоқда. Улар орқали ёшлар билимларини мустаҳкамлаш, фанларни чуқур ўрганиш ва юқори натижаларга эришиш имкониятига эга бўлишмоқда. Бу эса ўз навбатида олий таълимга кириш кўрсаткичини сезиларли даражада оширди.
Статистик маълумотларга кўра, 2024–2025 ўқув йилида мактаб битирувчиларининг 40 фоизи давлат гранти ва тўлов-контракт асосида олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Бу натижалар таълим сифати, ўқитувчилар меҳнати ва ўқувчилар интилишининг ёрқин ифодасидир.
– Олдимиздаги мақсадларимиз катта, – дейди Эркинжон Мирзажонов. – Янги таълим методларини амалиётга татбиқ этиш орқали, ўқувчиларимизнинг олий таълимга кириш кўрсаткичини 90 фоизга етказиш ниятимиз бор.
Сойибободда иш бошлаган мактаб радиоси нафақат ахборот узатиш воситаси, балки ўқувчилар учун илҳом, ижодий изланиш ва янги орзулар майдонига айланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири